Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон-Малайзия IT ва рақамли технологиялар форуми ўтказилди
Май 23, 2025. 10:31 • 2 дақ
• 103
КУАЛА-ЛУМПУР, 23 май. /"Дунё" АА/. Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон-Малайзия IT ва рақамли технологиялар форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форум Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги қошидаги "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки" МЧЖ (IT Park Uzbekistan) ва унинг Сирдарё вилояти филиали (IT Park Sirdaryo), Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Малайзия Миллий технологиялар уюшмаси (PIKOM) ва мамлакатимиз элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Малайзиянинг 120 дан ортиқ рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритаётган компаниялари вакиллари иштирок этди.
Форумни Ўзбекистоннинг элчиси Каромиддин Гадоев кириш нутқи билан очиб берди. Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда бизнес юритиш муҳити, жумладан IT ва рақамли технологиялар учун яратилган қулай имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Сирдарё вилоятини Малайзия рақамли технологиялар компаниялари учун хаб сифатида ривожлантирилаётгани таъкидланди ва навбатдаги форумни айнан ушбу вилоятда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
"IT Park Uzbekistan" бош директори ўринбосари Жамила Халибаева IT Park ва унинг республика ҳудудларидаги филиалларида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ва ўзаро ҳамкорлик таклифларини билдирди.
Форум давомида шунингдек, "IT Park Uzbekistan"нинг Осиё бўлими бошлиғи Иззат Хамидов иштирокчиларига мамлакатимизда IT парк иштирокчиларига тақдим этиладиган имтиёз ва қулайликлар тўғрисида тақдимот ўтказди.
Ўзбекистонда жорий йилда фаолиятини бошлаган "Canaan Comunication & Technologies" компанияси бош директори Захари Ванг мамлакат ўзининг қулай географик жойлашуви билан бутун Марказий Осиё давлатлари бозорига чиқиш учун кўприк бўла олишига ишонч билдирди. У Малайзия компанияларини Ўзбекистоннинг ёш ва ўсиб бораётган IT авлоди салоҳиятидан унумлироқ фойдаланишга ундади.
"IT Park Uzbekistan"нинг Малайзиядаги элчиси Мэтью Барсинг ўз навбатида ўзининг Ўзбекистонга қилган сафари таассуротларини бўлишиб, хорижликларни республиканинг рақамли технологиялар соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланишга ундайдиган қатор омилларни санаб ўтди.
Тақдимотдан сўнг B2B форматида ўтказилган учрашувлар давомида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, "IT Park Uzbekistan", "IT Park Sirdaryo" вакиллари ҳамда Малайзиянинг IT ва БиПиО компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ҳамда рақамли технологиялар соҳасида манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди.
Малайзия Миллий технологиялар уюшмаси бош директори Онг Киан Ю "IT Park Uzbekistan"нинг хорижий инвесторлар учун яратаётган қулайликларини юқори баҳолади. Шунингдек, мазкур уюшмага аъзо бўлган компаниялар хизматларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди