Наманган делегацияси Японияга ташрифи доирасида 50 миллион долларлик шартномалар имзолади
Декабрь 01, 2025. 20:02 • 56 сония
• 237Хиросима, 1 декабрь. / “Дунё” АА/. Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация япониялик ҳамкорлар билан қатор амалий учрашувлар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорлик бўйича муҳим келишувларга эришди, деб хабар бермоқда “Dunyo” АА мухбири.
Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, вилоятдаги “Ideal”, “Fazman”, “D.Maretti”, “Vizzano”, “Saodat Sanoat Servis” каби етакчи тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар Япониянинг “Konaka Co. Ltd” йирик компанияси билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича музокара ўтказди.
Учрашувлар давомида япон бозори учун мўлжалланган тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш, сифатни ошириш бўйича япон стандартларини жорий этиш, логистика ва маркетингда замонавий ёндашувларни татбиқ этиш ҳамда қўшма қиймат занжирини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
“Nammotors” ва “Eco Basalt” корхоналари вакиллари ҳам энергия тежамкор ускуналар, замонавий қурилиш материаллари ва базальт технологиялари бўйича музокаралар олиб борди.
Натижада, Ҳозирга қадар умумий қиймати 50 миллион долларлик узоқ муддатли экспорт ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Делегация “Tokushukai Medical Group” президенти Хигаши Чиничи билан учрашиб, онкология, кардиохирургия ва юқори технологияли тиббий хизматларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Шунингдек, “Riverfield Inc.” компанияси президенти Котаро Тадано билан музокаралар ўтказилиб, робот-ассистент хирургияси ва инновацион тиббий ускуналарни Наманган вилоятига жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




