Logo

Ўзбекистон ва Венгрия рассомчилик ва дизайн соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилади

Сентябрь 09, 2024. 09:50 • 2 дақ

253
Ўзбекистон ва Венгрия рассомчилик ва дизайн соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилади

БУДАПЕШТ, 9 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг Мохоли-Надь номли Санъат ва дизайн университети бош ижрочи директори Река Метхаидес ва проректор Лили Эрмезей билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Мохоли-Надь номидаги Санъат ва дизайн университети ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда санъат ривожида салмоқли ютуқларга эришилгани, маданий тарбия ва бадиий ижодни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Замонавий ўқитиш усуллари, рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувлар нафақат касбий юксалиш, балки санъатнинг жамиятдаги ролини кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Река Метхаидес Ўзбекистонга қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашар экан, мамлакат ўзининг кўп асрлик маданияти, бой тарихи ва бетакрор санъати туфайли унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди. "Ўзбек санъати ёрқин миллий каштачилик турларидан тортиб, нафис миниатюра ва меъморчилик каби бетакрор йўналишларигача ҳар бир ижодкорни илҳомлантиради ва бадиий ижоднинг янги қирраларини очиб беради", – деди у.

Проректор Лили Эрмезей Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирган ҳолда, тажриба ва фикр алмашишнинг муҳимлигини қайд этди.

Томонлар, шунингдек, ўқув ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш, талабалар ва ўқитувчиларнинг амалиёт ўташлари, қўшма кўргазмалар ташкил этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.

Венгрия вакиллари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш ва икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берадиган ўзаро муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдорлигини тасдиқлади.

Бош ижрочи директори Река Метхаидес ҳамкорликнинг илк қадами сифатида 2025 йилда Ўзбекистонда "Кубик Рубик" кўргазмасини ўтказишни таклиф қилди.

Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, муҳокама қилинган масалалар икки олий таълим муассасалари ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро алмашинув ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратиш бўйича кейинги қадамлар учун асос бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш