"Марказий Осиё – Ҳиндистон" ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади
Апрель 18, 2024. 07:49 • 2 дақ
• 182
ДЕҲЛИ, 18 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳиндистон Савдо ва саноат палаталари федерацияси (Federation of Indian Chambers of Commerce and Industry – FICCI) вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Онлайн-мулоқотда "Марказий Осиё – Ҳиндистон" ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини жорий йил Ўзбекистонда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакилларининг мазкур мулоқот платформаси 2020 йил апрель ойида ташкил этилган. Шу пайтгача унинг йиғилишлари икки марта ўтказилган.
FICCI вакиллари ўзбек замини қабул қилаётган навбатдаги анжуманга Ҳиндистон тадбиркорлари томонидан катта қизиқиш билдирилаётгани ҳамда турли йўналишдаги етакчи компаниялар мутахассисларидан иборат салмоқли таркибдаги делегация шакллантирилаётганини маълум қилди.
Томонлар жорий йилги тадбирни ёз фаслида ўтказиш ҳамда тез кунларда Марказий Осиё давлатлари вакилларини жалб этган ҳолда унинг ташкилий жиҳатларини батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли тарзда фаоллашгани кузатилмоқда. Хусусан, 2023 йил ўзаро товар айирбошлаш қарийб 760 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Аммо бу кўрсаткич икки томонлама савдонинг мавжуд салоҳиятини акс эттирмайди. Шу боис икки давлат раҳбарлари яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни вазифа қилиб қўйган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармонлари фармацевтика, соғлиқни сақлаш, олий таълим, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, автомобиль бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Мамлакатимизда ҳинд капитали иштирокида 420 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 280 таси 100 фоиз ҳиндистонлик тадбиркорларга тегишлидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди