Покистон компанияси Хива шаҳрида “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш жараёнини бошлади
Август 25, 2026. 21:25 • 2 дақ
• 115
ИСЛОМОБОД, 25 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатнинг қурилиш, муҳандислик, инфратузилма ва кўчмас мулкни ривожлантириш соҳаларида катта тажрибага эга конгломератларидан бири – «Habib Rafiq Engineering (Pvt.) Ltd.» (HRL) делегациясининг Ўзбекистонга навбатдаги сафарини ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф довамида «Habib Rafiq Engineering (Pvt.) Ltd.» компанияси раҳбарияти Хоразм вилояти бўлди ва вилояти ҳокимлиги билан Хива шаҳрида «ақлли шаҳар» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро Англашув меморандумини имзолади.
Келишув қадимий Хива шаҳрини кенгайтириш доирасида янги «ақлли шаҳар»ни барпо этиш бўйича таклиф қилинган лойиҳани амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шунингдек, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хоразм вилояти ва Хива шаҳри келажаги учун муҳим босқич бўлиб, барқарор шаҳарсозлик, инвестициялар, инновациялар ва минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.
Компания вакилларининг айтишича, «Habib Rafiq Engineering (Pvt.) Ltd.» Марказий Осиёга «Ақлли шаҳар»ларни режалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт тармоқлари, коммунал тизимлар ва барқарор шаҳар ечимлари соҳасидаги тажриба ва билимларини олиб киришни режалаштирган. Таклиф этилаётган «ақлли шаҳар» ташаббуси Хиванинг беқиёс тарихий ва маданий меросини ҳурмат қилиш ва асраб-авайлаш билан бирга, маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар, инвесторлар ва келажак авлодлар учун янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.
«Ушбу лойиҳа оддий шаҳарсозлик ташаббусидан ҳам кенгроқ маъно касб этади – бу келажак ҳақидаги стратегик тасаввурдир. У дунё даражасидаги инфратузилма, иқтисодий ўсиш, технологик инновациялар ва экологик барқарорликни Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бирининг ўзига хос қиёфаси ва тарихий меросини сақлаган ҳолда ўзаро уйғунлаштиришни кўзда тутади. «Habib Rafiq Engineering (Pvt.) Ltd. Ўзбекистон томони ишончи ва ҳамкорлигини чин дилдан қадрлайди ҳамда ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мазкур улкан ва эзгу режани биргаликда ҳаётга татбиқ этишга умид билдиради», – деди компания вакили Халид Таймур.
«HRL» компанияси йирик инфратузилма ва «ақлли шаҳар»ларни ривожлантириш соҳасида катта тажрибага эга. Покистонда «HRL» мамлакатнинг энг нуфузли шаҳарсозлик лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширган. Тахминан 14 минг 500 км. майдонни эгаллаган, Покистондаги энг йирик «ақлли шаҳар» лойиҳаларидан бири бўлган «Capital Smart City Islamabad» ва «Lahore Smart City» лойиҳалари шулар жумласидандир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси