Logo

Тошкент вилояти ҳокими бошчилигидаги делегацияси Германиянинг Ҳессен федерал ўлкасига борди

Август 12, 2025. 19:53 • 3 дақ

61
Тошкент вилояти ҳокими бошчилигидаги делегацияси Германиянинг Ҳессен федерал ўлкасига борди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 12 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида делегациянинг Германиянинг Ҳессен федерал ўлкасига амалий сафари уюштирилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида қатор молия институтлари ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. Хусусан, кооператив банклар гуруҳига хизмат кўрсатувчи ва Германияда активлар ҳажми бўйича иккинчи йирик молия ташкилоти – "DZ BANK" раҳбарлари билан учрашувда томонлар саноат лойиҳалари учун корпоратив ва инвестициявий молиялаштириш, савдо молияси ҳамда "B2B" шаклида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

"ODDO BHF" Франция-Германия мустақил банк гуруҳи раҳбарлари билан мулоқотда хусусий сармоя ва активлар бошқаруви орқали ҳудудий лойиҳаларга инвестиция жалб этиш, экспортга йўналтирилган корхоналарни молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, "AKA Bank" экспорт-кредитлашга ихтисослашган банк консорциуми мутасаддилари билан кечган суҳбатда экспорт кредит агентликлари (ECA) кафолатлари асосида узоқ муддатли молиялаштириш механизмларини қўллаш бўйича келишувга эришилди.

Франкфуртда жойлашган йирик "Helaba" тижорат банкида бўлиб ўтган музокарада томонлар инфратузилма ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини синдикат кредитлари ва капитал бозори инструментлари орқали қўллаб-қувватлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Тошкент вилояти делегация "AMK Global GmbH", "Falk-Porsche-Technik GmbH", "Kessler Zoologiegroßhandel GmbH & Co. KG", "Weingut Koegler" ва "Azerbaijan-Uzbekistan Investment Company (AUIC)" компаниялари вакиллари билан учрашди. Уларда чиқиндиларни қайта ишлаш, саноат материаллари ва ускуналар, озиқ-овқат тармоғи, виночилик ҳамда қўшма инвестиция платформаларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. "AMK Global"нинг Тошкент вилоятида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси бўйича ишлашга тайёрлиги қайд этилди.

Тошкент вилоятида саноат соҳасида мис маҳсулотлари ва кимёвий чидамли толали композициялар, полимер қувурлар ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, синтетик тола ва бўяш технологиялари асосида тайёр мато экспортини кенгайтириш, фармацевтика йўналишида бир қатор дори воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Европа Иттифоқи стандартлари асосида етиштириш ва қайта ишлаш, қуритилган мева-сабзавот ҳамда дуккакли маҳсулотлар экспортини ошириш, виночилик бўйича тажриба алмашиш каби йўналишлар бўйича немис инвестиция ва технологияларини жалб этишга келишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, "A" тоифали замонавий логистика марказини барпо этиш орқали ташқи бозорларга тезкор чиқиш имкониятларини яхшилаш, тоғ ва экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда ёшларни Германиянинг дуал касбий таълим модели асосида ўқитиш, амалиёт ва ишга йўналтириш дастурларини йўлга қўйиш кабилар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлар этиб белгиланди.

Делегация аъзолари Ҳессендаги виночилик, боғдорчилик ва чорвачилик кластерлари фаолиятини ўрганди. Қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, брендлаш ва сертификатлаш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувларга эришилди.

Томонлар эришилган келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида соҳа кесимида ишчи гуруҳлари ва "йўл хариталари"ни тузиш, молия-инвестиция схемаларини аниқлаш ҳамда йирик банклар билан давомий мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш