Logo

Ўзбекистон ва Испания қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Ноябрь 21, 2025. 09:35 • 2 дақ

315
Ўзбекистон ва Испания қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

МАДРИД, 23 ноябрь. /"Дунё" АА/. Шу кунларда Испаниянинг Кордова шаҳрида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирокида Халқаро зайтун кенгашининг 122-сессияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир доирасида Испания қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва озиқ-овқат вазири Луис Планас Пучадес билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, сув ресурслари тақчиллиги шароитида самарадорликни ошириш, тажриба алмашишни кенгайтириш бўйича амалий таклифларни муҳокама қилдилар.

Унда республиканинг боғдорчилик, сабзавотчилик, айниқса, гилос етиштириш бўйича салоҳияти батафсил тақдим этилиб, шўрланиш, сув танқислиги ва минтақанинг иқлим хусусиятларига чидамли ўсимлик навлари зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Испания томони, ўз навбатида, нуқтавий суғориш, "CRISPR" асосидаги селекция, қишлоқ хўжалиги суғуртасини ривожлантириш, шунингдек, таълим ва илмий инфратузилма бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда кооперацияларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни модернизация қилиш ва экспорт инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Испания бизнесининг Ўзбекистондаги зайтунчилик соҳасига сармоя киритишдан манфаатдорлиги муҳокаманинг алоҳида йўналиши бўлди.

Шунингдек, бўлажак давлат ташрифлари арафасида институтлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма ташаббусларни белгилаш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўладиган англашув меморандуми имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш