Logo

Ўзбекистон ва Қатар олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланди

Сентябрь 12, 2024. 10:31 • 2 дақ

362
Ўзбекистон ва Қатар олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланди

ДОХА, 12 сентябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 9-11 сентябрь кунлари Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигидаги мамлакатимизнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртлари вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Қатарда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон делегацияси Таълимни тажовузлардан ҳимоя қилиш халқаро кунига бағишланган юқори даражадаги давра суҳбатида иштирок этди. Тадбир Қатар "Таълим барча нарсадан устун" жамғармаси томонидан ташкил этилди. Давра суҳбатида 100 дан ортиқ халқаро делегатлар, жумладан, Тожикистон, Бразилия, Малайзия, Жанубий Африка, Яман, Кипр, Босния ва Герцеговина, Фаластин, шунингдек, БМТ вакиллари иштирок этди.

Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусаина бинт Али Ал Жабр Ал Нуайми билан кечган учрашувда университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу мамлакатнинг етакчи университетларида ўзбекистонлик талабаларни таҳсил олиш учун ажратиладиган таълим грантлари сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Илмий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, экология, сувни тежаш, чўлланишга қарши курашиш каби долзарб йўналишларда қўшма илмий лойиҳа ва ишланмаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон олий таълим тизими вакилларидан иборат делегация инновацион стартапларнинг акселератори ва инкубатори вазифасини бажарувчи Қатар фан ва технологиялар парки фаолияти билан ҳам танишди.

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакатимиз университетлари раҳбарларининг Қатар олий таълим муассасалари, жумладан, Ҳамад бин Халифа университети, Лусайл университети, Доха фан ва технология университети президентлари билан музокаралари ташкил этилди.

Бўлиб ўтган музокаралар натижасида Бухоро муҳандислик-технология институти билан Ҳамад бин Халифа университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва Лусайл университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Доха фан ва технология университети ўртасида ўртасида академик алмашинув ва икки томонлама диплом бериш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатар "Таълим ҳаммадан устун" жамғармаси ўртасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш