Ўзбекистон ва Покистон ўртасида саноат ва бизнес соҳаларида алоқалар мустаҳкамланмоқда
Январ 07, 2025. 07:19 • 2 дақ
• 304
КАРАЧИ, 7 январь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг Карачи шаҳридаги "Коранги" саноат зонасидаги тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Синд вилояти Инвестиция кенгашининг раҳбарияти, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, пластик қувурлар ва қурилиш маҳсулотлари, тўқимачилик, фуқаро авиацияси ва карго соҳаларида фаолият юритувчи компанияларнинг бошлиқлари иштирок этди.
Иштирокчилар билан Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қайд этилган соҳаларда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмлари ва шартлари муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев мамлакатимизда хорижий инвестициялар учун яратилган шароит ва бериладиган имтиёзлар, эркин иқтисодий зоналарда фаолиятни ташкил этиш тартиб-қоидалари, электр энергияси, сув ва газ нархлари тўғрисида батафсил маълумот берди.
"Ўзбекистон ва Покистон мутасадди вазирлик ва идоралари ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш, мавжуд салоҳиятни тўлақонли ишга солиш, саноат ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш устида ишлашмоқда. Жумладан, икки давлат ҳудудлари делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш, саноат маҳсулотлари кўргазмаларини уюштириш, бизнес-форумлар ва B2B шаклидаги учрашувларни ўтказиш масалалари 2025 йилга мўлжалланган иш режамизга киритилган", - деди элчи Алишер Тўхтаев.
Бизнес-форум доирасида, шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг инвестицион лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилди, тегишли каталог, брошюра, тизер ва бошқа материаллар тарқатилди.
Тадбиркорлар саноат ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилувчи хом-ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни Ўзбекистондан етказиб бериш, мамлакатимизда ўз фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиш билдириб, мазкур йўналишдаги жараёнларни тизимлаштириш борасида қатор таклифларни илгари суришди.
"Покистон ва Ўзбекистон бизнес ва саноат доиралари ўртасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича тегишли ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга бевосита тадбиркорларнинг ўзларини ва консультатив таҳлил марказларини жалб қилиш, томонларнинг манфаатини ҳисобга олган ҳолда таклифларни шакллантириш муҳим ҳисобланади. Бу албатта кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади", - деди Покистон бизнес гуруҳлар ташкилоти раиси Фараз ур-Реҳман.
"SA Group of Companies" раҳбари Саман Абид қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни Карачи ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришнинг янги йўналиши сифатида қайд этди.
"Roshan Builders and Developers" компанияси раиси Васим ур-Реҳман Ўзбекистонда уй-жой ва ижтимоий комплексларни қуришда иштирок этиш, девелоперлик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштираётганини, маҳаллий ҳамкор топилса, биргаликда ишлаш шартларини келишишга тайёрлигини билдирди.
Карачи бизнес доира вакиллари ташаббусига кўра, томонларга мақбул муддатларда Тошкент ёки Карачи шаҳрида бизнес-форум ва B2B шаклида музокараларни ташкиллаштиришга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди