Ўзбекистонда Сингапур модели асосида пилот махсус иқтисодий зона ташкил этилиши режалаштирилмоқда
Август 18, 2025. 12:23 • 54 сония
• 138
ТОШКЕНТ, 18 август. /"Дунё" АА/. Сингапурга ташриф доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси "Singapore Cooperation Enterprise", "Sembcorp Industries" ва "Wilmar International" компаниялари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, музокаралар конструктив руҳда кечиб, томонлар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги чораларни белгилаб олдилар.
Ўзбекистоннинг махсус иқтисодий зоналарида самарадорликни ошириш дастурини ишлаб чиқиш, бунда "ягона ойна" механизми, унификацияланган бошқарув стандартлари, CRM платформаси ва замонавий инфратузилмани жорий этиш, шунингдек, стратегик инвестицияларни жалб этишга йўналтириш бўйича келишувга эришилди.
Сингапур модели асосида пилот махсус иқтисодий зонани ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинди. Бунинг учун қўшма экспертлар гуруҳи шакллантирилади.
Яна бир муҳим келишувлардан бири – Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 1800 иш ўрни яратиш имконини берувчи агросаноат лойиҳасини амалга ошириш бўйича чоралар белгиланди.
Ташриф Сингапур ҳамкорларининг узоқ муддатли ҳамкорликка бўлган юқори қизиқиши борлигини намоён этди ҳамда инвестицияларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги истиқболларни очиб берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди