Logo

Ўзбекистон Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида фаол иштирок этмоқда

Май 03, 2025. 07:39 • 2 дақ

125
Ўзбекистон Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида фаол иштирок этмоқда

АБУ-ДАБИ, 3 май. /"Дунё" АА/. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида XXXIV Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

БАА Президенти ҳомийлигида ўтказилиб келинаётган ушбу маърифат байрамида 96 мамлакат вакиллари ўзларининг 1400 дан ортиқ кўргазмалари билан иштирок этмоқда.

Эътиборлиси, бу йилги Абу-Даби халқаро китоб ярмаркаси ислом цивилизациясининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири, энциклопедик олим,табиб ва файласуф Ибн Сино меросига бағишланган. Жорий йилда Абу Али Ибн Синонинг жаҳон тиббиёти ривожига сезиларли таъсир кўрсатган ва араб тилида ёзилган машҳур "Тиб қонунлари" китобининг нашр этилганига минг йил тўлди.

Махсус ташкил этилган Ибн Сино павильонида унинг илмий мероси ҳамда ғоялари, ютуқлари ва инсоният цивилизациясига таъсирини акс эттирувчи материаллар ва интерфаол кўргазмалар ўрин олган.

Шу билан бирга, кўргазма доирасида Ибн Сино меросига бағишланган илмий ва амалий анжуманлар ўтказилмоқда. Жумладан, "Ибн Сино – ўрта асрда Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаган маърифат маёғи" деб номланган панели сессияда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти вакили маъруза билан иштирок этди. У мамлакатимизда Ибн Сино меросини асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз юритди.

Абу-Даби халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистоннинг "Ўзбекистон", "Ёш куч", "Замин-нашр", "Ҳилол-нашр", "Янги аср авлоди", "Ёшлар матбуоти", "Best book", "Ёшлар матбуоти" каби етакчи ноширлик уйлари ва "Ўздавкитовсавдотаъминот" корхонаси ўз кўргазмалари билан қатнашяпти. Ўзбекистон стендида ўзбек адабиёти намуналари, турли тилларга таржима қилинган асарлар, замонавий ва анъанавий нашрлар намойиш этилмоқда.

Делегациямиз вакиллари, шунингдек, хорижий ноширлар билан бир қатор музокаралар ўтказдилар. Уларда мамлакатимизда чоп этилаётган китобларни хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни кенг тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида жорий йилнинг ноябрь ойида Шаржада бўлиб ўтадиган халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистон павилонини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

XXXIV Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 5 майга қадар давом этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш