Logo

Россиянинг Саха Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимизнинг иш ва яшаш шароитлари ўрганилди

Май 05, 2024. 13:12 • 2 дақ

129
Россиянинг Саха Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимизнинг иш ва яшаш шароитлари ўрганилди

ВЛАДИВОСТОК, 6 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ходимлари хизмат сафари билан Саха Республикасига (Якутия) бордилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафари давомида Якутия Тадбиркорлик, савдо ва туризм, Ташқи алоқалар ва халқ ишлари вазирликларида ҳамда Россия ТИВнинг Якутск шаҳридаги ваколатхонаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилдиУларда Ўзбекистон ҳудудлари ва Якутия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорликнинг жорий ҳолати, туризм ва зиёрат туризми, ижтимоий таълим йўналиши, мева-сабзавотлар экспортини кўпайтириш ҳамда фуқароларни уюшган ҳолда ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Якутия расмийлари Ўзбекистон билан муносабатларни юксак баҳолаб, ҳамкорликни янада ривожланишига тайёр эканликларини билдирдилар.

Ташриф давомида дипломатлар Якутск шаҳридаги ишлаб чиқариш ва қурилиш корхоналарида ишлаётган ватандошлар ҳамда иш берувчилар билан учрашув ўтказишди.

Иш берувчилар билан мулоқот чоғида Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Меҳнат мигрантлари билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар ва аҳоли фаровонлиги ошириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган дастурлар ҳақида айтиб ўтилди. Бош консулхона фаолияти, хусусан ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар таъкидланди.

Бундан ташқари, ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи турли оқим ҳамда ташкилотларига қўшилмаслик, Россиянинг миграция ва бошқа қонунларига риоя этиш зарурлиги қайд этилди.

Хизмат сафари давомида Якутияда бўлиб турган юртдошларимиз учун консуллик сайёр қабули уюштирилди. Қабул чоғида 4 нафар юртдошимизнинг ҳужжатлар билан боғлик муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш