Logo

Жорий йил декабрь ойида Тошкентда АЭХАнинг минтақавий ўқув курси ташкил этилади

Ноябрь 18, 2024. 10:27 • 2 дақ

194
Жорий йил декабрь ойида Тошкентда АЭХАнинг минтақавий ўқув курси ташкил этилади

ВЕНА, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти олимларидан иборат мамлакатимиз делегацияси "Тадқиқот реакторлари: ютуқлар, тажриба ва барқарор ривожланиш йўли" мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан 300 га яқин эксперт иштирок этаётган мазкур анжуман экспертлар тадқиқот реакторларидан хавфсиз ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашадиган энг йирик халқаро форум ҳисобланади. Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда дунёнинг 54 давлатида 227 та ядровий тадқиқот реакторларидан илмий тадқиқотлар, таълим ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, саноат, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қўллаш учун муваффақиятли фойдаланилмоқда.


Конференцияда Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти мутахассислари ВВР-СМ реакторининг ишлаши, реакторнинг муддати ўтишини бошқариш, ишлаб чиқариш жараёнида радиациявий ҳолатни мониторинг қилиш бўйича ишлаб чиқилган ва қўлланилаётган дастурлар бўйича маърузалар тингладилар.


Шунингдек, делегация қатор учрашувлар ўтказди. Унда Ядро физикаси институти ва Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (АЭХА) турли бўлимлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.


 Хусусан, декабрь ойида Тошкент шаҳрида тадқиқот реакторларининг муддати ўтишини бошқариш бўйича АЭХАнинг минтақавий ўқув курсини ўтказиш бўйича иш режаси ва дастури келишиб олинди. Шунингдек, Ядро реакторларининг узоқ муддатли хавфсиз ишлаши стратегияси ва асосий элементлари ҳақида комплекс аудит ўтказишга қаратилган агентлик эксперт миссиясини Ядро физикаси институтига юбориш бўйича аҳдлашилди.


Музокаралар чоғида, шунингдек, Ядро физикаси институтида АЭХА ҳамкорлик марказини ташкил этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш