Наманганда Ўзбекистон-Қатар касбий маҳорат маркази очилади
Март 27, 2025. 10:59 • 2 дақ
• 187
ДОҲА, 27 март. /"Дунё" АА/. Доҳа шаҳрида "Прогрессив ислоҳотлар маркази" ва Доҳа фан ва технология университети (UDST) ўртасида англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзаро академик ҳамкорлик йўлга қўйилишини назарда тутган мазкур ҳужжатни имзолаш маросими мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинди.
Томонлар биргаликда республикамизнинг аҳоли зич жойлашган шаҳарларидан бири – Наманганда Ўзбекистон – Қатар касбий маҳорат маркази очишни режалаштирган.
Ушбу мажмуа икки давлатнинг мустаҳкамланиб бораётган алоқалари рамзи сифатида ўзаро ишонч ва умумий манфаатга асосланган, узоқ муддатга мўлжалланган шерикликни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.
Мазкур ташаббус малакали кадрларга эҳтиёж ортиб бораётган бугунги кун талабига тўлиқ жавоб беради. Юртимизда хорижий инвесторлар амалга ошираётган замонавий инфратузилма, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа лойиҳаларида муваффақиятли ишлашга қодир муҳандислик, пайвандлаш технологияси, соғлиқни сақлаш каби йўналишларда мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Унда ўқув машғулотлари UDSTнинг илғор дастурлари ёрдамида инглиз тилида олиб борилади. Битирувчилар Яқин Шарқ, Европа ва Америкада ишлаш имконини берадиган, халқаро миқёсда тан олинган сертификатга эга бўлади.
– Университетимизда халқаро стандартлар бўйича техник мутахассислар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилган, – деди UDST ректори Салим Ал-Наимий. – Биз мамлакатларимиз ўртасидаги ўзига хос ва жадал ривожланаётган муносабатлар рамзига айланадиган Ўзбекистон-Қатар малака маркази ташкил этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
– Ташкил этилаётган марказ ёшларни, айниқса Фарғона водийсидаги ишсиз аҳолини жаҳон бозорида харидоргир бўлган замонавий техник кўникмаларни ўзлаштиришга жалб этиш имконини беради, – деди "Прогрессив ислоҳотлар маркази" директори Миршоҳид Асланов. – Нафақат ишсизлик даражасини пасайтириш, балки мамлакатимизда йирик сармоявий ташаббуслар амалга оширишга хизмат қиладиган бу лойиҳа ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим воситасига айланиши шубҳасиз.
Элчихонамиз масъуллари мазкур ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган ёшлар учун имкониятни кенгайтириш, ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, қашшоқликни камайтириш сингари стратегик мақсадлар билан ҳамоҳанглигига эътибор қаратди.
2022 йил Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний фармойиши билан ташкил этилган Доҳа фан ва технология университети Қатардаги амалий, техник ва касб-ҳунар таълимига ихтисослашган биринчи университет ҳисобланади. Ушбу олий таълим муассасаси 64 мутахассислик бўйича бакалавр ва магистр тайёрлайди. Университет таркибида бизнес, муҳандислик, IT, тиббиёт ва умумий фанларга ихтисослашган 5 та коллеж бор.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди