Покистоннинг Лаҳор шаҳрида "Made in Uzbekistan" саноат кўргазмаси бўлиб ўтди
Февраль 15, 2025. 07:43 • 3 дақ
• 269
ЛАҲОР, 15 февраль. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 11-13 февраль кунлари мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Покистон Савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Лаҳор шаҳрида ташкил этилган "Made in Uzbekistan" миллий саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини якунлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Lahore Expo Center" марказида ташкил этилган ушбу тадбирда уч кун давомида юртимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, мебель ва ёғочсозлик, кимё, фармацевтика саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини илгари суришни мақсад қилган ушбу муҳим тадбирда иштирок этиш учун республика Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда турли соҳаларда фаолият юритувчи 150 дан ортиқ тадбиркорлардан иборат нуфузли делегация Лаҳор шаҳрида ташриф билан бўлди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Покистоннинг федерал ва маҳаллий ҳукуматлари расмийлари, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, 500 дан ортиқ покистонлик бизнес доира вакиллари иштирок этди.
Уч кун давомида 80 мингдан ортиқ ташриф буюрувчилар миллий саноат маҳсулотлари ва ҳамкорлик имкониятлари билан танишди. Тадбир доирасида Ўзбекистон тадбиркорларининг 500 дан ортиқ "B2B" учрашувлари ташкил этилди. Уларда янги савдо шартномаларини тузиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари, шунингдек, Панжоб вилоятининг йирик саноат марказлари – Файсалобод, Сиалкот, Гужранвала, Гужрат, Баҳавалпур, Мўлтон ва Шейхпура шаҳарларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги ихтисослашган корхоналар ва уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишди. Аниқ истиқболли лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришиб, қисқа фурсатларда ўзаро ташрифларни уюштириш ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича музокараларни батафсил давом эттириш томонларнинг иш режаларига киритилди.
Кўргазма давомида умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг 181 та шартнома имзоланди. Шундан 263 миллион АҚШ доллари экспорт савдо шартномалари, 236 миллион АҚШ доллари эса импорт шартномаларини ташкил этади.
Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги бош ижрочи директори Файз Аҳмад билан ўтказилган учрашувда мамлакатларимиз ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимга киритилган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини Покистонга экспорт қилиш учун фитосанитар рухсатномалар олишни тезлаштириш ҳамда икки мамлакат электрон савдо платформаларида маҳсулотларни жойлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳни шакллантириш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда Покистон ҳудудларида Ўзбекистон савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакатда паритет асосида тижорат ярмаркаларини ташкил этиш, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт-логистика, қурилиш материаллари, терини қайта ишлаш ва чарм маҳсулотлар, чинни буюмлар, мебелсозлик йўналишларида икки томонлама музокаралар ўтказилиб, ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Тадбир иштирокчилари бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши бизнес доиралари ҳамда кенг жамоатчиликнинг икки давлат саноат маҳсулотлари тўғрисидаги ўзаро хабардорлигини оширишини, ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида аниқ режаларни шакллантиришини қайд этишди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштириш, йил давомида қўшма тадбирларни яна ташкиллаштириш бўйича келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди