АҚШ пойтахтида ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар учун “Uzbekistan Business Leaders” дастурининг навбатдаги босқичи бошланди
Июнь 06, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 78ВАШИНГТОН, 6 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШда ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар учун “Uzbekistan Business Leaders” (UBL) дастурининг навбатдаги босқичи ишга туширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дастурнинг расмий очилиш маросими ва унинг иштирокчилари учун таништирув семинари “American Councils for International Education” идорасида бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимиз элчихонаси вакиллари, АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиё ишлари бўйича идораси директори ўринбосари Алиса Бибб, “American Councils” президенти Лиза Чоут, “American Councils” директорлар кенгаши раиси, АҚШнинг Қозоғистон ва Арманистондаги собиқ элчиси Жон Ордвей, “National Center for Resource Development” маркази асосчиси Жо Капп ҳамда ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққан Алиса Бибб сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар фаол ривожланиш босқичига кирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки томонлама ҳамкорлик савдо, сармоя, технологиялар ва ахборот технологиялари соҳаларида жадал кенгайиб бормоқда. Савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, ўзаро сармояларни рағбатлантириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги амалий шерикликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон-АҚШ кун тартибининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
“American Councils” ташкилоти президенти Лиза Чоут ўз навбатида Ўзбекистон билан халқаро таълим ва касбий алмашинув дастурлари доирасида кўп йиллик ҳамкорлик тажрибаси мавжудлигини қайд этиб, икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётганини ва унинг амалий натижаларидан бири сифатида UBL дастурининг аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, дастур нафақат таълим майдони, балки тажриба алмашиш ва касбий алоқалар ўрнатиш учун самарали платформа ҳамдир. Шунингдек, у америкалик ҳамкорларга Ўзбекистоннинг тадбиркорлик муҳити ва ёш ишбилармонларнинг салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини беради.
Жон Ордвей иштирокчиларни дастур бошлангани билан табриклаб, уларни икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида орттирилган билимларни амалда қўллаган ҳолда Американинг илғор тажрибасидан фаол фойдаланишга чақирди.
Тадбир давомида Ўзбекистон дипломатлари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати, шунингдек, савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион-технологик ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида маълумот бердилар.
Интерфаол мулоқот доирасида дастур иштирокчилари Ўзбекистонда янги бизнес-моделлар, экспортбоп маҳсулотлар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш учун орттирилган тажрибани қўллаш бўйича ўз режалари билан ўртоқлашдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





