Logo

Ҳиндистон компанияси билан 5G технологияларини маҳаллийлаштириш бўйича музокара бўлиб ўтди

Март 19, 2026. 08:15 • 2 дақ

84
Ҳиндистон компанияси билан 5G технологияларини маҳаллийлаштириш бўйича музокара бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 19 март. / “Дунё” АА/. Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш борасидаги ишлар доирасида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев “Tejas Networks” компанияси вице-президенти Ражниш Кҳуллар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Томонлар Ўзбекистонда илғор телекоммуникация ечимларини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Ҳиндистоннинг “Tata Group” конгломерати таркибига кирувчи “Tejas Networks” телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқарувчи ва лойиҳаловчи етакчи компаниялардан биридир. Компания Ҳиндистон ҳукуматининг “Make in India” дастурида фаол иштирок этиб, алоқа операторлари, интернет-провайдерлар, мудофаа ва давлат секторлари учун юқори технологик маҳсулотлар етказиб беради.

Ҳиндистон ишлаб чиқарувчисининг маҳсулотлари 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Ражниш Кҳуллар Ҳиндистондаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси, жумладан, “BSNL” давлат оператори учун миллий 4G тармоғини ёйиш ва 250 мингдан ортиқ қишлоқ аҳоли пунктларини юқори тезликдаги интернетга улаш борасидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Шунингдек ўқинг

Компаниянинг инновацион салоҳиятига алоҳида урғу берилди. “Tejas Networks” телекоммуникация соҳасидаги патентлар сони бўйича Ҳиндистонда етакчи ҳисобланади. Рақамли тармоқлар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар кучайиб бораётган бир шароитда, компания ўзини «ишончли етказиб берувчи» сифатида намоён этиб, “Nokia”, “Ericsson”, “Huawei” каби глобал иштирокчилар билан муваффақиятли рақобатлашмоқда.

Ҳиндистон томони Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирди. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида “Tejas Networks” вице-президенти “Ўзбектелеком” АК билан 5G алоқа стандартларига ўтиш, симсиз инфратузилмани ривожлантириш ва мамлакатимизнинг қишлоқ ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш жараёнида ўзаро ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистон ҳудудида замонавий телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди. Бундан ташқари, илғор телекоммуникация технологиялари соҳасида малакали муҳандислар тайёрлаш мулоқотнинг муҳим масаласига айланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш