Logo

Геология фанлари университети делегациясининг Покистонга сафари самарали академик ҳамкорлик истиқболларини очиб берди

Июль 14, 2025. 09:57 • 2 дақ

95
Геология фанлари университети делегациясининг Покистонга сафари самарали академик ҳамкорлик истиқболларини очиб берди

ИСЛОМОБОД, 14 июль. /"Дунё" АА/. Жорий йил 5-12 июль кунлари мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Геология фанлари университети ўқув ишлари бўйича проректори Лейла Шарафутдинова бошчилигидаги делегациянинг Покистонга амалий сафари уюштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиздан келган делегация вакиллари билан элчихонада ўтказилган учрашув чоғида Ўзбекистон-Покистон ўртасида олий таълим, жумладан геология, геофизика ва кончилик йўналишларида ҳамкорликни жадаллаштириш, истиқболли лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ва бу борадаги ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Исломобод ва Карачи шаҳарларига сафар давомида Қуайд-и-Аъзам университети, Баҳрия университети, Фан ва технологиялар миллий университети, Ғулом Исҳоқ Хон номидаги Инженерлик фанлари ва технологиялари институти, Карачи университети ҳамда Урду университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашувлар ўтказилди.

Уларда Геология фанлари университетининг ташкилий тузилмаси, илмий-академик салоҳияти, ўқитиш методологияси, тадқиқот-тажриба полигонлари, халқаро ҳамкорлик йўналишлари, талабаларнинг назарий ва амалий билим олиши учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.

Покистон университетлари билан бакалавриат йўналишида "2+2" ва магистратура йўналишида "1+1" шаклларида дуал таълим дастурларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қўшма тадқиқотлар, алмашинув дастурлари ва академик сафарларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Қуайд-и-Аъзам университетида аниқ мавзулар бўйича тор профилдаги тадқиқотларни бошлаш, натижалар асосида нуфузли журналларда ҳаммуаллифликда мақолалар чоп этиш бўйича томонларнинг режалари мувофиқлаштирилди.

Баҳрия университетининг Исломобод ва Карачи кампусларида қўшма академик лойиҳалар, геофизика ва рақамли хариталар яратиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар ўтказилди. Учрашув якунида икки университет ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фан ва технологиялар миллий университетида соҳавий дастурий таъминотлар, геология соҳасида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда биргаликда илмий-амалий конференциялар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, август-сентябрь ойларида Геология фанлари университети базасида Қуайд-и-Аъзам университети, Баҳрия университети ва Фан ва технологиялар миллий университети ўқитувчилари ва талабалари учун назария ва амалиётни уйғунлаштирган Ёзги мактаб ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Ғулом Исҳоқ Хон номидаги Инженерлик фанлари ва технологиялари хусусий университетида геология факультетини ташкил этиш, ўқув жараёнларини йўлга қўйиш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Карачи университети ва Урду университети билан эса минерал ресурслар ва гидрогеология йўналишларида илмий-академик ҳамкорликни фаол йўлга қўйиш, ҳамкорликда замонавий стандартларга мос таълим дастурларини ишлаб чиқиш, долзарб мавзулар ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш бўйича келишиб олинди.

Геология фанлари университети делегациясининг мазкур сафари икки томон олий таълим муассасалари ўртасида аниқ мақсадга йўналтирилган ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик истиқболларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш