Logo

Ўзбекистон полвонлари Ҳиндистонда ўтказилган халқаро турнирда 20 та медални қўлга киритди

Март 25, 2025. 07:02 • 2 дақ

212
Ўзбекистон полвонлари Ҳиндистонда ўтказилган халқаро турнирда 20 та медални қўлга киритди

ДЕҲЛИ, 25 март. /"Дунё" АА/. Белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Ҳиндистонда бўлиб ўтган халқаро турнирда 20 та медални қўлга киритди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳарьяна штатининг Ротак шаҳрида ташкил этилган Ёшлар фестивали доирасида ўтказилган мусобақада Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Россия курашчилари иштирок этди.

Полвонлар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида ўзаро куч синашиш учун гиламга чиқди.

Мамлакатимиз вакиллари турли вазнларда 20 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ҳанабой Ўрайимов, Аббос Аҳмаджонов, Муроджон Ҳамидов, Достонбек Обиджонов, Самандар Абдусаломов, Азимжон Йўлдошев, Фарангиз Абдунабиева ва Шириной Йўлдошева олтин медалларни қўлга киритди ва уларнинг шарафига давлатимиз мадҳияси садолари остида байроғимиз кўтарилди.

– Аёллар ўртасида 50 кг вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритганимдан хурсандман, – деди Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Фарангиз Абдунабиева. – Ушбу мусобақа Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Россия ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишига ишонамиз. Биз халқаро турнир ташкилотчиларига, жумладан, Ўзбекистон элчихонасига амалга оширилган ташкилий ишлар ва турнир юқори даражада ўтказилгани учун миннатдорлик билдирамиз.

– Турнирда 20 кишиликдан ортиқ делегация билан қатнашдик, – деди Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров. – Биз Ҳиндистон ва Россия вакиллари билан ушбу дўстлик турнирини ҳар йили анъанавий тарзда ўтказишга келишиб олдик. 2026 йил мусобақани Ўзбекистонда қабул қиламиз. Гиламда бўлиб ўтган қизғин беллашувлар миллий спорт туримиз халқаро майдонда янада оммалашиб бораётганини намойиш этганидан мамнун бўлдик.

Жорий йил белбоғли кураш бўйича қатор халқаро мусобақалар ўтказилиши белгиланган. Улардан энг йириги – жаҳон чемпионатини май ойида Нукус шаҳри қабул қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш