Жакартада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Октябрь 04, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 88
ЖАКАРТА, 4 октябрь. /“Дунё” АА/. Индонезия пойтахтидаги “St. Regis” меҳмонхонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган расмий қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Индонезия Президенти Администрацияси масъул ходимлари, ҳукумат ва парламент аъзолари, етакчи бизнес доиралари, хорижий дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарларидан иборат 400 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.
Индонезия Ҳукумати номидан маросимда фахрий меҳмон сифатида транспорт вазири Дуди Пурваганди қатнашди.
Шунингдек, қабулда Ҳаж ва умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф, ташқи ишлар вице-вазири Анис Матта, ташқи ишлар вазири ўринбосари Санто Дармосуматро, савдо вазири ўринбосари Роро Эсти Видя Путри ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Индонезия транспорт вазири Дуди Пурваганди ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлаб, Ўзбекистон Президенти олиб бораётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни юқори баҳолади.
Вазир Ўзбекистонни ислом цивилизациясининг марказларидан бири сифатида эътироф этиб, зиёрат туризми, транспорт-логистика, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Тантанали кечада “Баҳор” давлат рақс ансамбли санъаткорларининг концерт дастури намойиш этилиб, меҳмонларга ўзбек миллий таоми — палов тортиқ қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси