Logo

Туркияда вақтинча ишлаётган ватандошларимиз шароити ўрганилди

Июль 17, 2025. 19:34 • 2 дақ

68
Туркияда вақтинча ишлаётган ватандошларимиз шароити ўрганилди

АНҚАРА, 17 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари амалий сафар билан Туркиянинг Мерсин вилоятига бордилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар Туркиянинг Мерсин вилоятида вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва меҳнат шароитлари билан танишиш, шунингдек, салоҳиятли иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш мақсадида ташкил этилди.


Мазкур ҳудудда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган юртдошларимиз билан кечган мулоқотда бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда ишлаётган ҳамюртларимизни ва уларнинг оила-аъзоларини қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди. Меҳнат мигрантларига Туркиянинг миграцияга оид қонунларига риоя қилиш зарурлиги таъкидланди. Турли ноқонуний ташкилотлар ва  ёт ғоялар  ортидан эргашмаслик тўғрисида тегишли тавсиялар билдирилди. Учрашув давомида меҳнат мигрантлари бўлган ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган саволларига дипломатлардан батафсил жавоб олдилар.


Ўзбекистон дипломатлари сафар давомида "IC İçtaş Nükleer" корхонаси вакили Гўкхан Картаймаз билан учрашув ўтказдилар. Бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон фуқароларини ташкилий тарзда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш, уюшган ҳолда ишга танлаш тизимининг афзалликлари, Туркияда ишлаш истагини билдирган фуқароларимизни Ўзбекистон ҳудудида малака сертификатлари билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.


Маълум қилинишича, бугунги кунда мазкур компанияда 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг бандлиги таъминланган.


Музокаралар якунида келгусида ушбу компания билан Ўзбекистон фуқароларини ташкилий ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш