Ўзбекистон туризми салоҳияти Берлин метроларида намойиш этилмоқда
Декабрь 08, 2023. 12:41 • 2 дақ
• 324
БЕРЛИН, 8 декабрь. /"Дунё" АА/. Германия пойтахтининг метрополитен вагонларида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш дастури доирасида мамлакатимиз элчихонаси томонидан "DIE MEDIA FABRIK Agentur für Mediaberatung GmbH" медиа-хизмати агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур сайёҳлик рекламаси ноябрь-декабрь ойларида Берлин метрополитенида намойиш этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг катта қисми германиялик сайёҳларга тўғри келади. Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган очиқ ташқи сиёсати туфайли нафақат иқтисодий, балки туризм соҳасида ҳам дунё мамлакатларининг асосий эътибори юртимизга қаратилмоқда. Европанинг йирик сайёҳлик компаниялари ва туроператорларининг юртимизга билдираётган қизиқиши ва изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари бунга яққол мисолдир.
Дунёдаги энг йирик метрополитенга эга шаҳарлардан бири бўлган Берлин метросида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, мавжуд сайёҳлик йўналишлари ва имкониятлари тасвирланган видеолавҳа намойиши сайёҳлар сонининг янада ортишига, уларни мамлакатимизнинг имкониятлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Берлин метроси энг кўп фойдаланиладиган жамоат транспортларидан бири ҳисобланади. Ундан нафақат шаҳар аҳолиси, балки бутун дунёдан ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам фойдаланадилар.
Саёҳат компанияси мутахассисларига кўра, йилнинг айни шу ойларида германияликлар кейинги йилги саёҳатларини режалаштирадилар. Рождество ва Янги йил байрами арафасида Германияга дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонларнинг оқиб келиши ҳисобга олинса, юртимиз туризм салоҳиятига бағишланган ушбу видеоролик самарали бўлади. Шу билан бирга келгуси йилда мамлакатимизга борувчи сайёҳлар сонининг ошишига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди