Logo

Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида “Умра +” зиёрат туризми бўйича қўшма лойиҳаларга старт берилди

Январ 25, 2026. 11:15 • 3 дақ

136
Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида “Умра +” зиёрат туризми бўйича қўшма лойиҳаларга старт берилди
Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида “Умра +” зиёрат туризми бўйича қўшма лойиҳаларга старт берилди
Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида “Умра +” зиёрат туризми бўйича қўшма лойиҳаларга старт берилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 25 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида “Умра +” зиёрат туризми дастурини тарғиб қилишга бағишланган медиа-брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари уюшмаси, “Uzbekistan Airways” АЖ, Малайзиянинг “МАТА” “Bumitra” ва “PAPUH” каби зиёрат туризми, ҳаж ва умра бўйича сайёҳлик ассоциациялари раҳбарлари, маҳаллий туркомпаниялар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қатнашчиларга мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистонда 2026-2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар оқими 100 минг нафарга етказилиши бўйича амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар, зиёратчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва мазкур йўналишда фаолият юритаётган туроператорларга берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби ислом тамаддунида чуқур из қолдирган тарихий шаҳарларимизнинг кенг имкониятлари намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳридаги янада кенгайтирилган Имом ал-Бухорий мажмуаси иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари уюшмаси ва Малайзия туризм операторлари уюшмаси ўртасида “Умра +” туризм дастури бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, қўшма амалий лойиҳаларга старт берилди.

Зиёрат туризми бўйича экотизимни жорий этиш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳамда шу йилнинг 18 июнида Малайзияда, 27-28 июнь кунлари Ўзбекистонда бутунжаҳон зиёрат туризми фестивалини биргаликда ташкил этишга келишиб олинди.

Тадбирда иштирок этган “Bernama”, “RTM”, “AlHijrah”, “TVS” каби Малайзиянинг етакчи ОАВлари вакиллари Ўзбекистоннинг “Умра +” туризм дастури бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Жефри Сулаймон, Малайзия туризм операторлари ассоциацияси (MATA) раиси ўринбосари:

Бугун Ўзбекистон ва Малайзия туризм ассоциациялари ўртасида тарихий ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Ушбу ҳужжат яқин келажакда Малайзиядан Ўзбекистонга “Умра +” дастури бўйича ташриф буюрадиган зиёратчилар сонининг ошишига хизмат қилишига ишонамиз.

Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси раҳбарияти билан илк бор Куала-Лумпур шаҳрида жорий йилнинг 21-23 июнь кунлари йирик “Умра плюс ва зиёрат туризми” халқаро сайёҳлик кўргазмасини ташкил этишга келишиб олдик.

2026 йилда Малайзия туризм операторлари уюшмасига аъзо туркомпаниялар томонидан Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини маҳаллий аҳоли орасида кенг тарғиб қилишни режалаштирганмиз.

Абдул Раҳим бин Абдуллаҳ, Малайзияда Ҳаж ва Умрага юборувчи туркомпания раҳбари:

Ўзбекистондаги туроператорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. 2025 йилда Ўзбекистонга қатор малайзиялик сайёҳлар гуруҳларини жўнатдик. Турпакетларимизни ҳарид қилган малайзияликлар Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва маданий туризм салоҳияти билан яқиндан танишишга мушарраф бўлди.

Мамлакатингизнинг бой маданий мероси, ислом дунёсига оид зиёратгоҳлари ва тарихий шаҳарлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги малайзияликлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистонда зиёратчи сайёҳлар учун ташкил этилаётган инфратузилма ва қулайликларга гувоҳ бўлиб турибмиз.

Икки мамлакатларни боғлаб турувчи ҳафтасига саккиз маротаба амалга оширилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар мижозларимизга қулайлик яратмоқда. Бугунги тадбир доирасида Ўзбекистон ва Малайзия тур ассоциациялари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми зиёрат туризми соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга замин яратиши шубҳасиз.

Самарқандда жойлашган Имом ал-Бухорий янгиланган мажмуаси бунёд этилганидан мамнунмиз. Албатта, жорий йилда ушбу зиёратгоҳга ташриф буюриш учун қатор сайёҳлик гуруҳларини юборишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ўзбекистонни малайзияликлар орасида ташриф буюриши шарт бўлган манзил сифатида кенг тарғиб қилишни давом эттирамиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш