Logo

Фарғоналик кулоллар томонидан тайёрланган кулолчилик маҳсулотлари Россияга сотилади

Апрель 13, 2025. 14:10 • 54 сония

91
Фарғоналик кулоллар томонидан тайёрланган кулолчилик маҳсулотлари Россияга сотилади

ЕКАТЕРИНБУРГ, 13 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Свердловск вилоятида ўтказилган "Лето-2025" халқаро сайёҳлик кўргазмасида қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги  Бош консулхонаси кўмагида Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Фарғона вилояти расмий делегацияси ва бир қатор турфирмалар вакилларининг мазкур кўргазмада иштироки ташкил этилди.

Кўргазма майдонида Ўзбекистон стенди бунёд этилди. Унда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти, миллий ҳунармандчилик, кулолчилик маҳсулотлари ва миллий либосларимиз намойиш этилди. Меҳмонларга мамлакатимизда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар ва хавфсизлик чоралари ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон санъат усталари иштирокида тақдим этилган маданий дастур кўргазманинг энг кўп қизиқиш билдирилган тадбири бўлди. 

Фарғона вилоятидаги "Mingboshi Ceramic" кулолчилик корхонаси ва Марғилон шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази" томонидан ишлаб чиқарилган кулолчилик маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазма доирасида тадбиркорлар ўртасида музокаралар уюштирилди. Хусусан, "Mingboshi Ceramic" корхонаси Россия томони билан 300 000 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. 

Фарғона вилояти делегацияси вакиллари Екатеринбург шаҳар касаба уюшмаси қўмитаси билан шаҳар ишлаб чиқариш корхоналари ишчи ва ходимлари учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб экскурсиялар уюштиришга келишиб олди. Шунингдек, Урал туризм уюшмаси ва Фарғона вилояти Туризм бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш