Logo

Ўзбекистон туризм салоҳияти Қозоғистоннинг Ўскемен шаҳрида тақдим этилди

Июль 11, 2025. 07:20 • 2 дақ

130
Ўзбекистон туризм салоҳияти Қозоғистоннинг Ўскемен шаҳрида тақдим этилди

ОСТАНА, 11 июль. / "Дунё" АА/. Шарқий Қозоғистон вилоятининг Ўскемен шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Қозоғистон Туризм қўмитаси ва Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ташкил этилган тақдимотда маҳаллий ҳокимият органлари, сайёҳлик агентликлари, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан мамлакатимиз элчиси Бахтиёр Ибрагимов туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг стратегик аҳамиятини ҳамда икки мамлакат фуқароларининг саёҳатларга бўлган ўзаро қизиқиши ва умумий маданий меросни ўрганишга интилиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Шарқий Қозоғистон вилояти туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси раҳбари Ержан Сембинов ўз навбатида, Қозоғистон-Ўзбекистон туризм соҳасидаги ҳамкорлигининг фаол динамикасини қайд этиш баробарида, ўзаро саёҳат тартибларини соддалаштириш ва туристик алмашинувларни кўпайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигига урғу берди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Расул Зарикеев анжуманда онлайн форматда иштирок этиб, Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди. У маданий-маърифий, гастрономик, экологик ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш, ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир давомида транспорт имкониятлари масалаларига, шу жумладан Ўзбекистоннинг туристик йўналишлари ва Қозоғистон шаҳарлари ўртасидаги рейслар сонини ошириш режаларига эътибор қаратилди. Иштирокчиларга 15 июлдан бошлаб "FlyArystan" авиакомпанияси томонидан Атирау – Тошкент – Атирау йўналиши бўйича авиарейслар йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилинди.

Ўзбекистоннинг тиббиёт туризми имкониятлари ҳақидаги муҳим маълумотлар Қозоғистон томонига алоҳида қизиқиш уйғотди.

Қозоғистон туроператорлари ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирдилар.

Шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма туристик маршрутлар ва маданий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўскемен шаҳридан Ўзбекистон шаҳарларига "Жибек жоли" сайёҳлик поездини ишга тушириш ташаббуслари илгари сурилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш