Россиянинг Новосибирск вилояти мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистонда ёзги оромгоҳлар ташкил этилиши мумкин
Июнь 02, 2025. 11:59 • 2 дақ
• 104
НОВОСИБИРСК, 3 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон ва Россиянинг Новосибирск вилоятидаги йирик туркомпаниялар ҳамда сайёҳлик агентликлари вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Новосибирск вилояти Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, "Минтақавий ривожланиш маркази" давлат муассасаси, Новосибирск сайёҳлик ташкилотлари ассоциацияси раҳбарияти, ҳудуддаги "Olga grand tour", "Cеntral travel bureau" каби туроператорлар вакиллари қатнашди. Ўзбекистон томонидан Туризм қўмитаси масъул ходимлари ва "Another travel", "Аспантур", "Xorazm tour and travels", "Central Asia Travel" сайёҳлик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Новосибирск вилояти иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари –маркетинг, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм департаменти бошлиғи Анна Винникова Россиянинг ушбу ҳудуди туризм соҳаси вакиллари ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамкорлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади.
Новосибирскдан Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг афзалликлари қаторида республиканинг турли ҳудудларига ҳафтасига 10 дан ортиқ авиа рейслар ҳамда россиялик сайёҳлар учун таклиф этилаётган турли сайёҳлик йўналишларининг мавжудлиги қайд этилди.
Вазир ўринбосари, Новосибирск вилояти жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган анъанавий "Ипак йўлидаги туризм" Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида алоҳида стенд билан иштирок этишини билдирди.
Шунингдек, томонлар Россиянинг ушбу ҳудудидаги туризм саноати вакиллари ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамкорлари ўртасида яқин алоқаларни жадаллаштириш, қўшма сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш, туристлар алмашинувини кўпайтириш хусусида фикр алмашдилар.
Бош консул Аслам Акбаров ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг туризм маркази сифатидаги ўзига хос жозибадорлигини, хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, уларга қулайлик яратиш ва хавфсизлигини кафолатлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни алоҳида урғулади.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари Россия юртимиз учун туризм бўйича стратегик ҳамкор эканлигини, республикага россиялик сайёҳлар оқими анъанавий тарзда хорижий давлатлардан келаётган меҳмонлар сонидан 1,5-2 баробар кўп эканига эътибор қаратдилар.
Россия томони Ўзбекистонда таклиф этилаётган ва мактаб ўқувчилари ва пенсионерлар учун ишлаб чиқариш, ўқув ва тижорат, инфотурлар каби ривожланаётган туризм йўналишларига катта қизиқиш билдирди. Хусусан, Новосибирсклик болалар учун жорий йил август ойида мамлакатимиздаги ёзги оромгоҳларда, пенсионерлар учун эса Ўзбекистоннинг энг яхши шифохона ва курортларида дам олиш каби вариантлар таклиф этилди.
Бундан ташқари, россиялик ҳамкорларга "Ипак йўли" Халқаро туризм ва маданий мерос университети томонидан россиялик талабалар учун жаҳон туризм индустриясининг барча асосларини чуқурроқ ўрганиш учун тўртта грант ажратилиши маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди