Logo

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Беларусь пойтахтида намойиш этилмоқда

Сентябрь 06, 2024. 15:46 • 55 сония

168
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Беларусь пойтахтида намойиш этилмоқда

МИНСК, 6 сентябрь. /"Дунё" АА/. Беларусь пойтахтида жойлашган "Galleria Minsk" савдо ва кўнгилочар марказидаги йирик экранларда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиши йўлга қўйилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида бошланган ушбу лойиҳа Минск шаҳрининг етакчи савдо марказига ташриф буюрувчилар учун юртимизнинг кўркам шаҳарлари, ўзига хос табиати, бой маданияти ва ўзбек миллий анъаналарини билан яқиндан танишиш имкониятини яратди.

"Galleria Minsk" савдо марказининг ташқи тарафида ўрнатилган катта экран шаҳар марказида жойлашган бўлиб, унинг яқин атрофида кўплаб йирик офис ва маъмурий бинолар, дўконлар, меҳмонхоналар, кафелар, спорт саройи, турли оммавий ярмаркалар ва концертлар ўтказиладиган майдон мавжуд. Савдо маркази 6 қаватли бинода жойлашган бўлиб, ҳар бир қаватнинг ичкарисида 2 тадан катта экран ўрнатилган.

Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиши 22 сентябргача давом этади.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, "Galleria Minsk" савдо ва кўнгилочар марказига иш кунлари 30 мингдан ортиқ киши, дам олиш кунлари эса салкам 50 минг киши келади. Савдо ва кўнгилочар маркази жойлашган кўча бўйлаб автотранспорт оқими кунига 60 мингдан ортиқ бўлиб, пиёдалар сони эса 100 мингни ташкил этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш