Германияда намойиш қилинган ўзбек миллий мероси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди
Июнь 09, 2026. 18:55 • 2 дақ
• 83РЕДА-ВИДЕНБРЮК, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Германияда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Миллатлараро маданият куни доирасида Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ва бой тарихий-маданий мероси тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Реда-Виденбрюк шаҳрида бўлиб ўтган мазкур тадбирда ўзбек делегациясининг иштироки юқори баҳоланди. Бу каби маданий тадбирлар маҳаллий аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тақдимотларда меҳмонларга Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби қадимий шаҳарларнинг гўзаллиги, Буюк Ипак йўли тарихи ҳамда мамлакатимизда сайёҳлар учун яратилган замонавий имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Махсус тайёрланган тарқатма материаллар ва буклетлар хорижликларда Ўзбекистонга саёҳат қилиш иштиёқини янада оширди.
Маданий дастур давомида тадбир иштирокчилари ўзбек миллий ошхонасининг шоҳ таоми – ўзбек паловидан татиб кўриш имконига эга бўлди. Халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари асосида тортиқ этилган таомлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, байрам саҳнасида намойиш этилган жозибали ўзбек миллий рақслари тадбирга ўзгача кўрк бағишлади. Миллий либослардаги раққосаларнинг чиқишлари хорижлик томошабинлар томонидан узоқ ва давомли қарсаклар билан кутиб олинди.
Бўлиб ўтган маданий фестиваль немис жамоатчилигини юртимизнинг қадимий тарихи ва бой маданий мероси билан яқиндан таништиришга ҳамда уларда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқишни янада юксалтиришга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



