Logo

Ҳиндистоннинг Гоа штатида Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдим этилди

Октябрь 14, 2024. 09:18 • 2 дақ

283
Ҳиндистоннинг Гоа штатида Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдим этилди

ПАНАЖИ, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг Гоа штатида Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳамда "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан жорий йил 27 октябрь куни йўлга қўйилаётган Тошкент-Гоа-Тошкент авиақатновига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг 100 яқин етакчи сайёҳлик агентликлари вакиллари иштирок этди.


Тақдимот маросимида мамлакатимизда сўнгги йилларда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг натижалари, жумладан, туризм тармоғида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш, халқаро ва маҳаллий сайёҳлар учун жозибадор муҳит яратиш, хизмат турлари сифатини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берилди. Сайёҳликнинг Ўзбекистонга хос бўлган турлари, хусусан, оилавий тантаналар ўтказиш, ёшлар, экология, спорт, тоғ ва тиббиёт, кулинария ва оилавий туризм йўналишларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.


Иштирокчилар Тошкент-Гоа-Тошкент янги ҳаво қатновининг йўлга қўйилаётгани ўзаро туристик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида якдил фикр билдирди. Парвозлар ҳафтанинг якшанба ва чоршанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.


– Жорий йил апрель ойида биз "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси билан ҳамкорликда Тошкентдан Мумбайга парвозларни йўлга қўйишга муваффақ бўлган эдик, – дейди "Aero World Travels" компанияси раҳбари Ажай Арья. – Гоага парвозлар ҳам муваффақиятли бўлишига ишончимиз комил. Ўзбекистон ва унга қўшни минтақалардаги давлатлар аҳолисиybyu мазкур штатнинг денгиз соҳилида жойлашган дам олиш масканларига қизиқиши катта. Шунингдек, Гоа ва унга туташ штатлардаги сайёҳлар ҳам энди Ўзбекистонга тўғридан-тўғри учиш имкониятига эга бўлмоқда.


Бугунги кунда Тошкентдан Деҳли ва Мумбай шаҳарларига "Uzbekistan Airways" ва "IndiGo" компаниялари томонидан ҳафтасига 16 та парвоз бажарилмоқда. Миллий авиаташувчининг янги йўналишни ўзлаштириши натижасида авиарейслар сони 18 тага етади. Ўзбекистонни Ҳиндистоннинг йирик шаҳарлари билан ҳаво қатнови орқали боғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.


– "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан Ҳиндистонда бир йил давомида иккинчи йўналиш ўзлаштирилаётганини таъкидлаш бизга мамнуният бағишлайди, – дейди "Blink Brand Solutions" компанияси асосчиси Ноэл Саксена. – Ушбу изчил амалий ҳаракатлар натижасида Ҳиндистондан Ўзбекистонга ва Ўзбекистондан Ҳиндистонга саёҳат қилаётганлар сафи сезиларли тарзда кенгаяди.


Ҳиндистон сайёҳлик индустрияси вакиллари тақдимот маросимида мамлакатимиз туризм салоҳияти ва маданияти, хусусан, оилавий тантаналар ва кулинария туризми, қишки ва тоғ туризми, MICE-туризм, бошқа кўплаб мавзулардаги саволларига жавоб олди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш