Logo

Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон – Кувайт туризм форуми бўлиб ўтди

Июль 12, 2025. 10:29 • 3 дақ

86
Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон – Кувайт туризм форуми бўлиб ўтди

АЛ-КУВАЙТ, 12 июль. /"Дунё" АА/. Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон – Кувайт туризм форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

"Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" шиори остида ташкил этилган анжуманда икки мамлакатнинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва инвесторлари иштирок этди.


Юртимиз Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев ўз маърузасида соҳани миллий иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи воситаларидан бирига айлантирган ислоҳотларнинг улкан истиқболи туфайли юртимиз "янги туризм ренессанси"ни бошидан кечираётганига урғу берди. Унинг таъкидлашича, асрлар давомида тарихий Ипак йўли юраги бўлиб келган Ўзбекистон бугунги кунда маданий ва табиий хилма-хиллик, ноёб археологик ёдгорликлари, шунингдек инфратузилма ва сайёҳлик хизматини ривожлантиришга йўналтирилган салмоқли сармоя туфайли минтақадаги энг жозибадор манзилга айланган.


– 2024 йил мамлакатимизга 10 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди, соҳа даромади 3,5 миллиард доллардан ошди, – дейди Умид Шодиев. – 2030 йилгача йиллик сайёҳлар сонини 15 миллионга етказиш режамиз бор.


Очиқлик, сайёҳлар ҳаракатини осонлаштириш сиёсати доирасида, жумладан, Кувайт фуқаролари учун ҳам 2025 йил июнь ойидан бошлаб 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани таъкидланди. Шу боис ушбу мамлакат туризм муассасалари билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг муҳимлиги қайд этилди.  Айни ёндашувдан келиб чиқиб, соҳада фаолият юритувчи 10 га яқин Ўзбекистон компанияларидан иборат делегация ҳамроҳлигида сайёҳлик йўналишларимизни тарғиб қилиш режалари ҳақида маълум қилинди.


 Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов 31 йиллик икки томонлама муносабат сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожланганига гувоҳ бўлгани, конструктив мулоқот орқали алоқаларимиз янги босқичга чиқаётганини таъкидлади. "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" шиори остида ўтказилаётган "Юртимизнинг бой ва хилма-хил туризм салоҳиятини намойиш этиш бўйича мазкур форум ўзаро муносабатларимиз чинакам ҳамжиҳатлик, мустаҳкам қардошлик риштасига асослангани, икки давлат раҳбарларининг самимий дўстлиги билан қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлади", – деди юртимиз расмий вакили.


Кувайт ахборот ва туризм вазири ўринбосари Усама Ҳамад Ал-Маҳиёл Ўзбекистон қадимий тарихи, бой маданий ва цивилизация мероси, шунингдек гўзал табиати, ранг-баранг шарқона таомлари билан истиқболли сайёҳлик маскани сифатида машҳурлигини таъкидлаган.


Ўзбекистон туризм элчиси, кувайтлик машҳур блогер Абдулкарим ал-Ҳиндал "Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти – Кўрфаз араб давлатлари нигоҳида" мавзусида маъруза қилди. У ўз чиқишида, Қўқон, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларининг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий мероси, миллий таомларимиз, меҳмондўст ўзбек халқи ва ушбу ҳудудларда сайёҳлар учун яратилган қулайликлар ҳақида тўхталди.


Форум доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг туристик салоҳиятига доир ҳамда "Jazeera" авиакомпаниясининг Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғона шаҳарларига амалга оширилган авиарейслари бўйича тақдимот ўтказилди.


 Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайт туристик компаниялари ўртасида В2В шаклида учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар давомида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди ва кувайтлик туроператорлар учун мамлакатимизга инфо-тур ташкил этишга келишиб олинди.


Кувайтда ўтказилган Ўзбекистон туризм форуми хориж томонига катта таассурот қолдирди. Улар мамлакатимизга истиқболли сайёҳлик йўналиши сифатида қарашларини таъкидлаб, Кувайтдан Ўзбекистонга туристлар оқимини янада кўпайтиришга барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишга тайёрликларини маълум қилдилар.


 Форум, шунингдек, Кувайнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди ва улар томонидан кенг ёритилди. Жумладан, ушбу юртнинг "Ал-Жарида", "ал-Қабс", "Ал-Анба", "ал-Рай", "Ан-Нахар", "Ас-Сабаҳ" ва "ас-Сияса" , "Kuwait Times" ва "Times" газеталари, "Q8", "Marsad", "Nabd" каби оммабоп электрон нашрларида ва машҳур блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида туркум босма ва видеоматериаллар эълон қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш