Logo

Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди

Январ 28, 2024. 10:00 • 2 дақ

350
Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди

АР-РИЁЗ, 28 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони «Saudi Travel Market» компаниясининг маркетинг бўйича мутахассиси Сиҳам Ол Масъуд билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Унда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм йўналишида ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш, икки давлатда ўтказиладиган йирик тадбирларда сайёҳлик соҳаси вакиллари иштирокини таъминлаш ва мамлакатларимиз туркомпаниялари ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.


Сиҳам Ол Масъуд сўнгги йилларда икки қардош мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тобора ривожланиб, савдо айланмаси ва инвестициялар ҳажмининг ўсиб бораётгани, турли даражадаги ташрифларнинг амалга оширилаётганини юқори баҳолади.


«Биз Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатда туризм йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз, - деди у. - Ўзбекистон дунёдаги асосий туризм масканларидан бири эканлигини жуда яхши биламиз. Ўз навбатида, Подшоҳлик туркомпанияларни мамлакатингиз вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан мамнун».

Саудия вакили, шунингдек, жорий йил 25-27 февраль кунлари ўтказилиши режалаштирилган cайёҳлик бўйича халқаро кўргазмага Ўзбекистон томонини таклиф қилди.


Ушбу кўргазмадан асосий мақсад хорижий давлатларни туризм салоҳияти ва ушбу соҳадаги барча йўналишлар бўйича имкониятларни тарғиб қилиш ҳамда ўзаро кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.


Кўргазма ўз ичига нафақат туризм, балки, тиббиёт, таълим, иқтисодиёт ва инвестиция йўналишларини ҳам қамраб олади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш