Logo

Ҳиндистоннинг Керала штатида Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга ихтисослашган туристик компания фаолияти йўлга қўйилди

Апрель 02, 2025. 12:12 • 2 дақ

108
Ҳиндистоннинг Керала штатида Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга ихтисослашган туристик компания фаолияти йўлга қўйилди

ДЕҲЛИ, 2 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев иштирокида Ҳиндистоннинг Керала штатида жойлашган Кожикоде шаҳрида "Futuh Holidays" сайёҳлик компаниясининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур компания ўз фаолияти доирасида Керала ва унга қўшни бўлган штатлардан сайёҳлар гуруҳларининг Ўзбекистонга саёҳатларини ташкил қилишга ихтисослашган.

Тадбирда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани, айниқса, туризм соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани таъкидланди.

Хусусан, 2024 йилда 80 мингдан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ Ўзбекистонга сафар қилгани, бу 2023 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўп бўлгани қайд этилди. Жорий йил ушбу кўрсаткични 100 минг нафарга етказиш йўлида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновлари сони ҳам сўнгги бир ярим йилда 1,5 бараварга кўпайиб, ҳафтасига 18 тани ташкил қилмоқда. Яқин истиқболда ўзаро парвозлар кўлами 24 тага етказилади.

"Futuh Holidays" сайёҳлик компанияси вакиллари Ўзбекистонга зиёрат туризми йўналишидаги сафарларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини урғулади. Зеро Керала штати, жумладан, Кожикоде шаҳрида истиқомат қиладиган мусулмонлар жамияти аъзолари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва бошқа буюк алломалар ватани бўлган Ўзбекистондаги тарихий ва ислом обидаларини зиёрат қилишга катта қизиқиш билдиради.

Ўзбекистоннинг бой ва серқирра туризм салоҳиятига бағишланган аудио, видео ва босма материаллар тақдимот маросими иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш