Logo

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Ўзбекистонга виза олишга кўмаклашиш марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

Декабрь 25, 2024. 17:40 • 2 дақ

266
Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Ўзбекистонга виза олишга кўмаклашиш марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

ЛАҲОР, 25 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва "Meezab Group" туристик компанияси ҳамкорлигида Покистоннинг Лаҳор шаҳрида мамлакатимизга виза олишга кўмаклашиш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди ва унда Панжоб вилояти расмийлари, Элчихона, туристик компаниялар, ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Меҳмонларга мамлакатимизнинг бой маданияти, тарихий мероси ва туристик салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида Покистон туристик компаниялари ва кенг жамоатчилиги учун Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятлари ҳақида махсус тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми, гастрономик, тиббий, MICE-туризм каби турли йўналишлардаги улкан салоҳияти алоҳида таъкидланди. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шахрисабз ва Қўқон каби тарихий шаҳарлардаги обидалар, миллий таомлар ва хизмат кўрсатишнинг юқори сифати меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон элчиси видеоконференция шаклида иштирок этиб, ўз нутқида сўнгги йилларда Президент ташаббуси билан туризм соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берди. Шунингдек, элчи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Покистон фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни ҳам батафсил айтиб ўтди. Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик анъаналари ва замонавий сайёҳлик инфратузилмаси покистонлик сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратишига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди. Унда покистонлик туристик компаниялар вакиллари Ўзбекистонга қизиқишлари ва келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар ҳақида фикр алмашишди.

Иштирокчилар томонидан Ўзбекистоннинг покистонлик сайёҳлар учун энг қизиқарли йўналишлардан бири эканлигини билдирилиб, икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бу каби ташаббуслар юқори баҳоланди. Мазкур марказнинг очилиши Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштираётган Покистон фуқаролари учун янги имкониятлар эшигини очади ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Ушбу марказ нафақат виза олиш жараёнини енгиллаштиради, балки икки давлат ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш