Logo

Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти Франция пойтахтида тақдим этилди

Сентябрь 30, 2024. 09:43 • 2 дақ

256
Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти Франция пойтахтида тақдим этилди

ПАРИЖ, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Париж шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Франциянинг етакчи сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Тақдимотда сўзга чиққан элчи Нодир Ғаниев ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев сўнгги йилларда Ўзбекистонда мамлакатимиз туризм индустриясини ривожлантириш, салоҳиятини ошириш ва иқтисодиётга қўшаётган ҳиссасини кўпайтириш, хизматларни диверсификация қилиш ва сифатини ошириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан йиғилганларни таништирдилар.


Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатимизни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида туризм соҳасини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётгани таъкидланди.


"Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" тарғибот кампанияси доирасида ушбу қадимий шаҳарнинг инсоният тараққиётидаги беқиёс ўрни, моддий-маданий мероси таъкидланиб, ҳудуднинг туризм салоҳияти ҳақида тегишли видеороликлар намойиш этилди.


Тадбир доирасида, шунингдек, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Франция сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида B2B форматида музокаралар уюштирилди. Уларда Франциядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича келишувларга эришилди.


Тақдимотда келган меҳмонлар "Баҳор" ансамбли хонандалари ижросидаги ўзбек миллий куй ва қўшиқларидан  баҳраманд бўлишди. Шунингдек, йиғилганлар учун ўзбек миллий таомлари, жумладан байрамона палов улашилди.


Гвенаэл Мари, "IFTM-TOP RESA" кўргазмасининг мижозлар билан алоқалар бўйича директори:


– Биз Ўзбекистон делегациясини Франциядаги энг йирик тадбир – "IFTM-TOP RESA" кўргазмасида кўрганимиздан жуда мамнунмиз. Кейинги йилларда европалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши изчил ортиб бормоқда. Ишонаманки, мамлакатингиз вакилларининг кўргазмада фаол иштироки Ўзбекистонга, жумладан, MICE-туризми орқали сайёҳлар оқимини оширади.


Фредерик Роман-Ҳудерой, "Step’in" компанияси бошқарувчи менежери:


– Ўзбекистон делегациясини мамлакатингизнинг сайёҳлик салоҳиятини муваффақиятли тақдим этгани билан табриклайман. Ўзбекистонда тадбирлар ташкил этувчи мутахассис сифатида мен мамлакатингиздаги MICE-туризмининг чексиз имкониятларига қатъий ишонаман. 2025 йилда Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида MICE-туризмининг янги маркази сифатида шаклланишида кучли восита бўлади.


Жек Томас-Ричард, "BBC STUDIOS France" компанияси  ижрочи продюсери:


– Бир неча йил олдин Ўзбекистонда бўлганман ва мамлакатингизнинг сайёҳлик салоҳиятидан яхши хабардорман. "BBC STUDIOS France" компанияси жорий йил охиригача Ўзбекистонда жаҳонга машҳур "Top Gear France" автошоусининг навбатдаги қисмини суратга олишни режалаштирмоқда. Лойиҳамизни амалга оширишда Туризм қўмитаси ва Ўзбекистон элчихонаси ёрдами ва кўмагига таянамиз.


Биз француз томошабинларига Ўзбекистоннинг нақадар улуғворлигини кўрсата олишимизга ишонамиз. Ҳозирча барча тафсилотларни ошкор эта олмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, биз ушбу лойиҳани амалга оширишни батафсил муҳокама қилиш учун яқин келажакда Ўзбекистонга боришни режалаштиряпмиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш