Logo

Ўзбекистон фуқаролари диққатига: Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида "e-Visa" хизмати ишга туширилди

Январ 06, 2025. 12:54 • 58 сония

759
Ўзбекистон фуқаролари диққатига: Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида "e-Visa" хизмати ишга туширилди

БАНГКОК, 6 январь. /"Дунё" АА/. Таиланд Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб, Таиланднинг хориждаги барча элчихоналари ва бош консуллик муассасаларида электрон виза ("e-Visa") хизмати жорий этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хабарга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб Таиланднинг хориждаги 94 та элчихоналари ва бош консулхоналарида "e-Visa" хизматидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Электрон виза тизимига кўра, Таиланд визаси олишга мурожаат қилмоқчи бўлган чет эл фуқароси https://thaievisa.go.th/ манзилидаги янги онлайн электрон виза платформаси орқали ариза топшириши керак.

Қайд этилишича, ариза берувчидан паспорт ва тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхасини Таиланд дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига шахсан тақдим этиши талаб қилинмайди.

Электрон виза аризаси маъқуллангач, аризачига тасдиқловчи электрон почта хабари юборилади. Ариза берувчидан жўнаш портидаги авиакомпанияга ва Таиландда иммиграция хизмати ходимларига тақдим этиш учун тасдиқловчи электрон почта нусхасини чоп этиши сўралади.

Амалдаги тартибга кўра, 2024 йилнинг 15 июль кунидан эътиборан Ўзбекистон фуқароларига Таиландга саёҳат учун 60 кунгача визасиз режим жорий этилган. Электрон виза тизимида фуқароларга туристик, бизнес, оилавий ва бошқа виза тури 90 кун муддатга берилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш