Logo

Малайзия туроператорлари: Биз Имом Бухорий юртига саёҳат қилиш учун зиёрат турпакетларини кенг тарғиб қиляпмиз

Август 03, 2024. 08:31 • 3 дақ

242
Малайзия туроператорлари: Биз Имом Бухорий юртига саёҳат қилиш учун зиёрат турпакетларини кенг тарғиб қиляпмиз

КУАЛА-ЛУМПУР, 3 август. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 1-4 август кунлари Малайзиянинг Малакка шаҳрида Халқаро зиёрат туризми ва маҳсулотлари савдоси кўргазмаси (International Islamic Trade & Tourism Expo – IITTE) бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу кўргазмада мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон миллий стенди ташкил қилинди.

Кўргазма илк бор Малайзиянинг бир қатор туризм ассоциациялари, Туризм, санъат ва маданият вазирлиги, Малакка штати администрацияси, "GISB Holding" компанияси ташаббуси билан ташкил этилган. Унда 300 дан ортиқ туркомпаниялар, қишлоқ хўжалиги, ҳалол озиқ-овқат, тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари ҳамда 20 дан ортиқ хорижий мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Кўргазмага 50 мингдан ортиқ киши ташриф буюриши кутилмоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчиларга республикада туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Малайзия фуқаролари учун республикага 30 кунгача визасиз тартиб амал қилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида "Uzbekistan Airways" ва "Batik Air Malaysia" авиакомпаниялари томонидан тўғридан-тўғри амалга оширилаётган авиақатновлар ҳақида ахборот берилди.

Миллий стендда зиёрат туризми, тарихий-маданий туризм, гастрономик туризм, "Умра+", қишки туризм каби сайёҳлик дастурлари маҳаллий аҳоли орасида кенг тарғиб қилинди. Шунингдек, кўргазмада иштирок этган бир қатор маҳаллий туркомпаниялар, хусусан, "GISB Travel & Tours", "Koiman Travel & Tour", "Intifida Travel & Tours", "Andalusia Travel & Tours", "Nuh Travel & Tours" томонидан Ўзбекистон турпакетлари сотуви ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари иштирокида миллий ҳунармандчилик, амалий санъат, енгил саноат ва ипак маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилди. "Nur Malaysia Khurasan Tour & Travel" компанияси томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қуруқ мевалар, озиқ-овқат, сопол, тикувчилик маҳсулотлари намойиш қилинди.

Ўзбек гастрономик туризм салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида кўргазма доирасида миллий таомлар тайёрланди ва малайзияликларга улашилди.

Муҳаммад Сажарудин, "Nur Malaysia Khurasan Tour and Travel" компанияси менежери:

– Биз ушбу кўргазмада Имом Бухорий юртига саёҳат қилиш учун зиёрат турпакетларини ва Ўзбекистонда тайёрланган қуруқ мевалар, чой, сопол ва тикувчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қиляпмиз.

Жорий йилда Ўзбекистонга малайзиялик сайёҳлар гуруҳларини жўнатиш бўйича бир қатор ишларни амалга оширдик. Турпакетларимизни ҳарид қилган малайзияликлар Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва маданий туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга. Мен Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрганман. Шуни мамнуният билан таъкидлашим мумкинки, мамлакатингизнинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги менда катта таассурот қолдирган.

Ўзбекистонда зиёратчи сайёҳлар учун яратилган қулайликлар барча маъқул келмоқда. Ушбу кўргазмада иштирок этган маҳаллий аҳоли орасида Ўзбекистон катта қизиқиш уйғотаётганини кузатиш мумкин.

Сабиаҳ Жафар, Малакка шаҳри вакили:

 – Бугунги кўргазмада иштирок этаётганимдан мамнунман. Унинг доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини малайзияликлар орасида жозибадор йўналиш сифатида таништириб борилаётгани жуда муҳим.

Ўзбек халқининг бой маданияти, тарихи, анъаналари ва урф-одатлари билан яқиндан танишдим ва Ўзбекистон менда катта қизиқиш уйғотди. Албатта, яқин ойларда оила аъзоларим билан Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштирдим.

Малакка шаҳри фаоли сифатида айтишим мумкинки, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарларини боғлаб турувчи тўғридан-тўғри авиақатновлари хафтасига тўрт маротаба амалга оширилаётгани икки мамлакат сайёҳлари ва бизнес вакиллари учун катта қулайлик яратмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Малаккадаги мусулмон аҳоли орасида Ўзбекистонга қизиқиш ошиб бормоқда. Бу каби тадбирлар Малайзиядан мамлакатингизга сайёҳлари оқимини янада ошишига замин яратади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш