Ўзбекистон ва БАА олий таълим муассасалари туризм соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилади
Апрель 29, 2025. 14:20 • 2 дақ
• 127
АБУ-ДАБИ, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Аққулов Абу-Даби меҳмондўстлик академиясига ташриф буюрди ва мазкур олий таълим муассасаси директори Жоржетта Дейви билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Дипломат дастлаб академиянинг ўқув жараёни, мавжуд ўқув дастурлари ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Академия бошқарувчи директори Жоржетта Дейви билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, туризм жабҳаси учун малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича қўшма ўқув дастурларини амалга ошириш, малака ошириш курсларини уюштириш, қўшма илмий тадқиқот ишлари устида ишлаш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимиз расмий вакили Ўзбекистонда туризм соҳасида ҳаётга тадбиқ этилаётган янги лойиҳалар, хорижий инвестициялар учун яратилган шароитлар, хорижий сайёҳларни жалб этиш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий меҳмонхоналар қуриш, мазкур жабҳа учун зарур кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
"Ўзбекистондаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети ва Абу-Даби меҳмондўстлик академияси ўртасида талабалар алмашинуви, ўзаро ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда илмий тадқиқот ишларини биргаликда ўтказиш бўйича ҳамкорликка тайёрмиз", деди Жоржетта Дейви.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг тегишли олий таълим муассасалари ва Абу-Даби меҳмондўстлик академияси раҳбарияти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш масалаларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида онлайн учрашув ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Абу-Даби меҳмондўстлик академияси Абу-Даби Маданият ва туризм департаменти билан ҳамкорликда ташкил қилинган. Академия Швейцария таълим стандартлари асосида меҳмондўстлик соҳасига юқори малакали кадрларни етиштириб беришга ихтисослашган. Мазкур олий таълим муассасаси, QS таълим рейтингида меҳмондўстлик саноати йўналишида жаҳонда 2-ўринда қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди