Logo

Ўзбекистон дипломатлари Хоккайдо префектураси раҳбарияти ва бизнес вакиллари билан самарали музокаралар ўтказдилар

Январ 20, 2024. 11:50 • 3 дақ

208
Ўзбекистон дипломатлари Хоккайдо префектураси раҳбарияти ва бизнес вакиллари билан самарали музокаралар ўтказдилар

ТОКИО, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаcи делегацияси амалий ташриф билан ушбу мамлакатнинг Хоккайдо префектурасида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида Хоккайдо префектураси губернатори Наомичи Сузуки, Саппоро шаҳри мэри Кацухиро Акимото, Хоккайдо университети вице-ректори Ая Такахаши, шунингдек, «ARCS Group», «Gorizontal Line Co.Ltd.», «ROYCE Confect Co., Ltd.», «OISCA» ташкилотининг Хоккайдо бўлими раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Япон томони билан ўтказилган учрашувлар давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарали натижалари, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилинди. Шунингдек, хорижий инвесторларга яратилган қулай шароитлар ва бизнес юритиш учун ишлаб чиқилган қонуний асослар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, Хоккайдо префектураси губернатори Наомичи Сузуки билан кечган мулоқот давомида япон томони билан ҳудудлараро иқтисодий, маданий, туризм, таълим ва қонуний меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Сурхондарё вилояти ва Хоккайдо префектураси ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи савдони либераллаштириш мақсадида яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Хоккайдо префектураси раҳбарияти ва ишбилармон доираларидан вакилларидан иборат делегациянинг жорий йилда Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Саппоро шаҳри мэри Кацухиро Акимото билан учрашув чоғида, мэр томонидан Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқаро миқёсда иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ташқи сиёсатга юқори баҳолади.

Кацухиро Акимото мамлакатимизнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти жуда юқори эканини ва Саппоро шаҳрида мамлакатимизнинг тарғибот дастурлари ва тадбирларини ўтказишга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлиги маълум қилди.

Хоккайдо университети вице-ректори Ая Такахаши билан учрашув давомида япон томони Ўзбекистонда таълим соҳасига берилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.

Япон томони 2024 йилда мамлакатимиз университетлари билан академик алмашинувларни амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий форумлар ва конференциялар ташкил қилиш, қўшма ўқув дастурлари ва талабалар алмашинувини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Ишчи ташриф мобайнида «ARCS Group» компанияси президенти ҳамда OISCA ташкилотининг Хоккайдо бўлинмаси раҳбари Киёши Ёкояма билан учрашув ўтказилди.

Ҳозирги вақтда OISCA ташкилоти томонидан Ўзбекистонда 10 йил давомида Орол денгизининг қуриган ҳудудининг 40 минг гектар майдонини кўкаламзорлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Киёши Ёкояма Орол денгизи қуриб бориши натижасида Оролбўйи ҳудуди аҳолиси, ўсимликлар дунёси жуда катта зарар кўраётгани алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан ушбу экологик муаммога халқаро миқёсда эътибор қаратиш муҳимлиги билдирилди.

Учрашувдан сўнг, OISCA ташкилотининг Хоккайдо бўлинмаси аъзолари иштирокида Ўзбекистон минтақасидаги экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида семинар ташкил қилинди.

Япониянинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик «ROYCE Confect Co., Ltd.» компаниясининг ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрилиб, ушбу компаниянинг халқаро алоқалар департаменти директори Маико Ямазаки билан учрашув ўтказилди.

Маико Ямазаки билан суҳбат давомида "ROYCE Confect Co., Ltd." компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотларида Ўзбекистонда тайёрланган қуруқ мевалардан (майиз, ёнғоқ) фойдаланиш масаласи муҳокама қилиниб, ушбу таклиф япон томонида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида, шунингдек, «Horizontal Line Co.Ltd» компанияси президенти Рю Хирай билан ўзбек миллий маҳсулотларини япон бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Рю Хирай ҳозирги кунда компания томонидан «Silk Raisin» бренди остида қуритилган меваларни Японияга экспорт қилиш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунлари бўйича мамлакатимиздан Японияга қуруқ мевалар, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш, ўзаро ҳамкорликда Хоккайдо префектураси савдо тармоқларида маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш