Logo

Ўзбекистон элчихонаси Деҳли халқаро аэропортида қўлга олинган фуқароларимиз билан боғлиқ суриштирув ишларини назоратга олди

Май 10, 2024. 07:59 • 50 сония

413
Ўзбекистон элчихонаси Деҳли халқаро аэропортида қўлга олинган фуқароларимиз билан боғлиқ суриштирув ишларини назоратга олди

ДЕҲЛИ, 10 май. /"Дунё" АА/. Жорий йил 6 май куни Дубайдан Деҳлига учиб келган икки нафар ўзбекистонлик фуқаро тилла қуймаларини Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб киришга уринаётганда қўлга олинган, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Ҳозир уларга нисбатан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан фуқароларимиз билан боғлиқ суриштирув жараёни назоратга олинган ва Ҳиндистоннинг масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ишчи алоқалар ўрнатилган. Шунингдек, вақтинча ҳибсга олинган ватандошларимиз билан учрашув ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Дипломатик миссия ватандошларимиздан хорижга, жумладан, Ҳиндистонга сафар қилиш чоғида чет давлатлар қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишга, турли шубҳали гуруҳлар ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмасликка, самолётга чиқиш олдидан бегона кишилардан юк ёки буюмлар олмасликка чақиради.

Ҳиндистонда турли кутилмаган нохуш ҳолларга тушиб қолган фуқароларимиз тезкор ва самарали консуллик-ҳуқуқий ёрдам олиш учун Элчихона консуллик бўлимига қуйидаги алоқа воситалари орқали мурожаат қилиши мумкин:

Телефон: +91 11 2467 0774/75

Эл. почта: in.uzembassy@mfa.uz ва info.uzbekembassy@gmail.com

Телеграм-бот: @consuluzbindia_bot

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш