Ўзбекистон элчиси ва Покистон коммуникация вазири истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олдилар
Январ 23, 2025. 10:17 • 2 дақ
• 129
ИСЛОМОБОД, 23 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон коммуникациялар, хусусийлаштириш ва инвестициялар кенгаши вазири Абдул Алим Хан билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасида транспорт-логистика, инвестиция ва хусусийлаштириш йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазир Абдул Алим Хан олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида самарали тажрибани ўзаро ўрганиш, икки мамлакат манфаатларига жавоб берувчи янги йўналишларни излаб топишнинг долзарб вазифа эканлигини эътироф этди.
Трансафғон темир йўли лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликнинг негизи сифатида баҳоланиб, уни биргаликда илгари суриш, амалга ошириш жараёнини тезлаштириш мақсадида хорижий шерикларни жалб қилиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга чиқаришда транспорт-логистика муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Товар айланмаси ҳажмларини янада ошириш мақсадида логистика харажатлари ва тарифларини пасайтириш бўйича қўшма "ҳаракатлар режаси"ни ишлаб чиқишга келишилди.
"Тошкент-Лаҳор" йўналишидаги авиақатновларнинг бошлангани барча даражадаги алоқаларни жадаллаштириши таъкидланиб, икки давлат шаҳарлари ўртасидаги парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Иқтисодий дипломатия йўналишидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражасида икки давлат бизнес доира вакиллари иштирокида бизнес-форумлар ташкил этилиши янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, инфраструктура объектлари қурилиши ва хусусийлаштириш жараёнида ўзаро иштирок этишга имкон яратиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси