Logo

Ўзбекистонда Ростов вилояти маданияти кунлари ўтказилиши мумкин

Январ 20, 2025. 09:21 • 58 сония

117
Ўзбекистонда Ростов вилояти маданияти кунлари ўтказилиши мумкин

РОСТОВ-ДОН, 20 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон бош консули Бурхон Алиқулов Россиянинг Ростов вилояти губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Юрий Слюсарь билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикликни жадаллаштириш бўйича янги йўналишларга эътибор қаратилди.


Бош консул Ўзбекистон ҳудудлари ва Ростов вилояти ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида сўзлаб берди. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилгани, вилоят раҳбарларининг учрашувлари мунтазамлик касб этаётгани юқори баҳоланди.


Томонлар миграция соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистон ҳукумати уюшган ва хавфсиз меҳнат миграциясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, бу икки мамлакат иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.


Ростов вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, машинасозлик, металлургия ва кўмир саноати бўйича федерациянинг энг йирик субъектларидан бири ҳисобланиши қайд этилди. Вилоят раҳбари, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни  мустаҳкамлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш  ва янги йўналишларни топиш муҳимлигига эътибор қаратди.


"Таълим, туризм ва маданият  жабҳаларида ҳам алоқаларимизни кенгайтириш учун улкан салоҳият бор. Шу муносабат билан, 2025 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон шаҳарларидан бирида Ростов вилояти маданияти кунларини ўтказишни таклиф қиламан", - деди Юрий Слюсарь.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш