Ўзбекистоннинг халқаро савдо йўллари бўйича муҳим транспорт-логистика узели сифатидаги роли Польшадаги халқаро конгрессда эътироф этилди
Октябрь 20, 2024. 14:01 • 2 дақ
• 222
ВАРШАВА, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатлари Варшава шаҳрида "Польша-Осиё" савдо палатаси томонидан ташкил этилган "Европа ва Осиёда транспорт, экспедиция, логистика" мавзусидаги халқаро конгрессда иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Польша инфратузилма вазири ўринбосари Станислав Буковец, Жамғарма ва минтақавий сиёсат вазири ўринбосари Конрад Войнаровский, Темир йўл транспорти бошқармаси раҳбарияти, хорижий дипломатик корпус ҳамда бизнес ва ОАВ вакиллари қатнашди.
Анжуманнинг очилиш маросимида дипломатик миссия раҳбари нутқ сўзлаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг қамровли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг қадимий Буюк ипак йўлидаги стратегик аҳамияти, халқаро савдо йўллари бўйича муҳим транспорт-логистика узели сифатидаги роли ва мамлакатимизда бизнес юритишнинг кенг имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, юртимизнинг барқарор ривожланаётган транспорт ва логистика салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболлари ва ушбу соҳадаги имкониятлар алоҳида таъкидланди. Икки давлатнинг иқтисодий муносабатларини янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш учун яратилаётган имкониятларга эътибор қаратилди.
Жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Европа иқтисодий кунлари" ва Ўзбекистон-Польша иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказиладиган бизнес-форумда поляк компаниялари фаол иштирок этишга таклиф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси