Logo

Ўзбекистон дипломатлари Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида ўтказилган хавфсизлик ускуналари кўргазмасида иштирок этишди

Апрель 27, 2024. 10:42 • 53 сония

104
Ўзбекистон дипломатлари Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида ўтказилган хавфсизлик ускуналари кўргазмасида иштирок этишди

БРЮССЕЛЬ, 27 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ходимлари Кортрейк шаҳрида ташкил этилган полиция, кузатув, хавфсизлик, фавқулодда хизматлар ва табиий офатларга жавоб бериш бўлинмалари учун мўлжалланган мосламалар — "INFOPОL|XPО" кўргазмасида иштирок этдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу кўргазма 1995 йилдан бери мунтазам ташкил этиб келинади. У Бенилюкс мамлакатларидаги барча хавфсизлик тизимида қарор қабул қилувчилар ва соҳа бўйича харид менежерлари учун полиция, кузатув ва хавфсизлик ускуналарининг йирик халқаро кўргазмаси саналади.

Жорий кўргазмада 30 га яқин давлатдан 100 дан ортиқ ихтисослашган компания ва диллерлик ташкилотлари томонидан транспорт, махсус индивидуал жиҳозлар, алоқа, тиббий тез ёрдам, ўт ўчириш воситалари, кузатиш ва йўл ҳаракати назорат қилиш тизимларининг энг замонавий намуналари тақдим қилинди.

Ўзбекистон дипломатлари тадбир доирасида 10 дан ортиқ компания вакиллари билан учрашувлар ўтказишди. Уларда илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уларнинг маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Кўргазма иштирокчи қатор компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдириб, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш бўйича батафсил музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш