Logo

Исломободда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Декабрь 12, 2024. 07:32 • 2 дақ

167
Исломободда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 12 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири Рана Танвир Ҳусайн билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, соҳанинг турли тармоқларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Покистон миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири Ўзбекистон Президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини катта қизиқиш кузатиб бораётганини, мамлакатимизнинг минтақавий боғлиқлик ва интеграция борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

"Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг локомотиви ҳисобланади. Ўзаро товар айирбошлашнинг тахминан 70 фоизи мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келади", - деди вазир Рана Танвир Ҳусайн.

Ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, уруғчилик ва селекция, ўсимликлар ҳимояси ва карантини, уларни радиацион усулда тозалаш, юқори маҳсулдор чорва зотларни яратиш, қишлоқ хўжалиги техникасини биргаликда ишлаб чиқариш кўрсатиб ўтилди.

Икки давлат бозорларида маҳсулотлар сонини ошириш, халқларимиз фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида ўзаро мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш жараёнини соддалаштириш, фитосанитария рухсатномаларини расмийлаштириш ва божхона жараёнларини оптималлаштиришнинг долзарб масала эканлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ҳамкорликни тизимлаштириш ва кўриб чиқилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида кенг қамровли "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш, аграр техникалар бўйича саноат кооперациясини йўлга қўйиш, соҳавий қўшма ишчи гуруҳни ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш