Лондонда Ўзбекистон ҳудудида бронза даврини тадқиқ этишга бағишланган археологик лойиҳанинг расмий очилиш маросими ташкил этилди
Ноябрь 07, 2024. 09:17 • 2 дақ
• 122
ЛОНДОН, 7 ноябрь. /"Дунё" АА/. Лондон шаҳрида Британиянинг нуфузли UCL – University College London университети профессори Миляна Радивоевич раҳбарлигидаги "Евроосиё металлургиясининг эволюциясини кашф қилиш (Р): бронза даврида металлардан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг ижтимоий ва экологик таъсири" мавзусидаги археологик грант лойиҳасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Европадаги нуфузли олий таълим муассасалари профессорлари, илмий тадқиқотчилар, археологлар, тарихчи олимлар ва талабалар иштирок этди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон элчихонаси ходимлари томонидан мазкур лойиҳанинг республика ҳудуди тарихини ўрганишдаги аҳамияти ва юртимиз ҳудудларининг қадимий Ипак йўли ривожидаги муҳим ўрни ҳақида маълумот берилди.
Мазкур грант лойиҳаси Европа Комиссияси томонидан молиялаштирилади.
Лойиҳа Ипак йўлининг энг муҳим манзиллари ҳисобланган Ўзбекистон ва унинг ҳудудида бронза даврида металл ишлаб чиқариш технологияларининг эволюцияси ва босқичларига бағишланади.
Келгусида Ўзбекистон олимларининг мазкур лойиҳага жалб этилиши назарда тутилган.
"Бугун "Евроосиё металлургиясининг эволюциясини кашф қилиш (Р): бронза даврида металлардан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг ижтимоий ва экологик таъсири" мавзусидаги археологик лойиҳамизнинг расмий очилиш маросимини ўтказдик. Лойиҳадаги асосий тадқиқотлар Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилади. Бу Буюк Британиядаги ўзбек маданий ва археологик меросини таҳлил қилиш ва ўрганиш учун ноёб имкониятлардан биридир. Биз Ўзбекистон Фанлар академиясининг Археология институти, шунингдек, Самарқанддаги Ипак йўли маркази билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Ўйлаймизки, мазкур тадқиқотлар келгусида археологик даврларни кенгроқ ўрганишга туртки беради", – деди лойиҳа раҳбари Миляна Радивоевич.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси