Logo

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 13, 2025. 11:20 • 2 дақ

137
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 13 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон нефть вазири Али Первез Малик билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида икки мамлакатда нефть-газ соҳасидаги жараёнлар, ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорликнинг амалдаги ҳолати ва истиқболли қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Вазир Али Первез Малик Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасидаги тажрибасини юқори баҳолаб, энергетика соҳаси икки давлат ўртасидаги устувор ҳамкорлик йўналишларидан бири эканини ва бу йўналишдаги ҳамкорликдан икки томон ҳам манфаатдорлигини таъкидлади.

Мазкур соҳадаги мавжуд салоҳият ва имкониятларни чуқур ўрганиш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва аниқ йўналишлар бўйича амалий ҳаракатларни бошлаш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, икки давлат мутасадди вазирликлари даражасида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Покистон миллий иқтисодиётида нефть-газ маҳсулотларига талабнинг юқорилиги, катта миқдорда суюлтирилган углеводород гази, сиқилган табиий газ ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари импорт қилиниши қайд этилди. Бу борада барқарор ва узоқ муддатли кооперация учун қулай шароит мавжудлиги эътироф этилиб, тегишли ташкилий масалаларни батафсил ўрганиб чиқиб, қўшма таклиф ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Покистон ҳудудидаги нефть ва газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, хусусан, қазиб олиш ҳамда нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш лойиҳаларига ўзбек ҳамкорларни жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Томонлар, шунингдек, геологик маълумотлар алмашинуви, соҳага оид замонавий технологиялар борасида тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, ўқув дастурларини ташкил этиш бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш