Logo

Ўзбекистоннинг қароргоҳи Будапештда бўлган биринчи элчиси Венгрия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Март 27, 2024. 09:44 • 2 дақ

341
Ўзбекистоннинг қароргоҳи Будапештда бўлган биринчи элчиси Венгрия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

БУДАПЕШТ, 27 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия Президенти Тамаш Шуйокга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тантанали тадбир Будапештдаги Авлиё Георгий майдонидаги "Шандор Палота" Президент саройида бўлиб ўтди. Меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шундан сўнг, Президент қароргоҳидаги Меҳмонлар китобига дастхат ёзиш ва пойтахтинг Қаҳрамонлар майдонига гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди.

Маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Венгрия Президенти Будапешт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар ҳамда кенг кўламли ислоҳотларни олқишлашини ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги турли соҳаларда, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, туризм, гуманитар ва бошқа жабҳалардаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Икки ва кўп томонлама шаклларда ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Президент Тамаш Шуйок Ўзбекистон элчисини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, Ойбек Шахавдинов 7 март куни Венгрияга ташриф буюрди ва у Ўзбекистоннинг қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган биринчи элчиси бўлди.

Дипломат Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МДХМИ) таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган. 2001 йилдан буён ТИВ тизимида. Меҳнат фаолияти давомида ТИВ марказий аппаратида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ва мамлакатимизнинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган.

Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин ТИВнинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш