Ўзбекистон элчиси Баҳрайн ташқи ишлар вазири билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди
Июль 09, 2025. 12:02 • 2 дақ
• 179
МАНАМА, 9 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Нодиржон Турғунов Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рошид аз-Заёний билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
– Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги ишончли шерик сифатида кўрамиз, – деди Баҳрайн ташқи ишлар вазири. – Ўзбекистон билан ҳамкорлик шахсан мамлакатимиз раҳбарияти диққат марказида.
Баҳрайн ТИВ раҳбари Ўзбекистон Ҳукумати томонидан Баҳрайн фуқароларининг мамлакатимизда саёҳат қилишлари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий қилинганини олқишлади.
Бу икки мамлакат ўртасида туристлар оқимини кўпайтириш, халқаро туристик ярмарка ва кўргазмаларда ўзаро иштирок этиш, туркомпаниялар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Баҳрайннинг етакчи банклари, молия институтлари, логистика, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика каби соҳалардаги йирик компанияларини Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларга жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида жорий йилда режалаштирилган қўшма тадбирлар ва ташрифларни юқори даражада ташкил этишнинг муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Баҳрайнга янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нодиржон Турғунов жорий йилнинг апрель ойида ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулатиф бин Рошид аз-Заянийга ишонч ёрлиқлари нусхаларини онлайн тарзда топширган эди.
Нодиржон Турғунов 2024 йил март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони элчиси сифатида иш бошлаган. Шунингдек, у 2024 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили сифатида аккредитациядан ўтган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси