Logo

Ўзбекистон ва Покистон киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Сентябрь 13, 2025. 12:11 • 2 дақ

90
Ўзбекистон ва Покистон киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

ИСЛОМОБОД, 13 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Киберхавфсизлик соҳасида фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш миллий маркази бош директори Ҳайдер Аббас билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, рақамли инфратузилмани ҳимоя қилишга илғор технологияларни татбиқ этиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалар орқали кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

"Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, электрон ҳукумат тизимининг имкониятлари ва IT-парклар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Марказ бош директори Ҳайдер Аббас ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот фаолияти, миллий даражада кибертаҳдидлар мониторинги олиб бориш, тармоқлар даражасида соҳавий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ташкилотлар даражасида эса ички ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чоралар билан ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, Марказ давлат хизматчилари ва таълим муассасалари учун мунтазам семинарлар, малака курслари ва конференциялар ташкил этиб келаётгани қайд этилди. Амалга оширилаётган 4 босқичли ўқув дастури стратегик қарорлар қабул қилишдан тортиб, техник кўникмалар ва рақамли саводхонликни оширишга қаратилгани таъкидланди.

Учрашув якунида киберҳодисаларга тезкор жавоб қайтариш ва таҳдидлар ҳақида ахборот алмашиш, қўшма ўқув-машғулотлари ва симуляциялар ўтказиш, давлат хизматчилари ва талабалар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш, сунъий интеллект асосида таҳдидларни аниқлаш, рақамли экспертиза ва хавфсиз алоқа тизимлари соҳасида илмий-тадқиқотлар олиб бориш каби йўналишлар да ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида рақамли хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни изчил давом эттириш, устувор вазифалар ва аниқ амалий йўналишларни белгилаб олиш учун ўзаро ташрифларни ташкил этиш, икки давлат мутасадди идоралари ўртасида мунтазам онлайн учрашув ва музокаралар ўтказишга келишилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш