Logo

Ўзбекистон ва Венгрия ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Март 03, 2025. 09:30 • 45 сония

366
Ўзбекистон ва Венгрия ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

БУДАПЕШТ, 3 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия Ички ишлар вазирлигининг Европа Иттифоқи ва ташқи алоқалар бўйича давлат котиби ўринбосари Матьяш Хедьяла билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Венгрия ички ишлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ўзаро тажриба алмашиш, миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни тартибга солувчи қонунчилик базасини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган "Ҳаракатлар режаси"ни биргаликда ишлаб чиқиш ва имзолашдан манфаатдорлик билдирилди.

Томонлар ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар, шунингдек, қўшма ташаббуслар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги хавфсизлик ва миграция соҳасидаги стратегик муносабатларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш